Депутатнинг содиқ хизматлари тақдирланди

10.03.2022 11:03:31

Дилором Меҳмонова Фарғона вилоятида ишбилармон ва тадбиркор аёл сифатида танилган. Депутатлик фаолияти ҳам ўрнак бўлишга арзигулик. Партиямиз фидойисининг сидқидилдан  қилган хизматлари  8 март  –  Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида муносиб эътироф этилди. Юртбошимизнинг Фармонига кўра, "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланди.

У раҳбарлик қилиб келаётган “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Фарғона вилоят бўлинмаси саъй-ҳаракатлари билан вилоятда аёл тадбиркорлар сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда.  Ҳар йили вилоят дастурларининг ижросида ўз ташаббуслари билан иштирок этиб, айниқса, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш орқали бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Вилоят бўлинмаси қошида “Ўқув ишлаб чиқариш маркази” ташкил этилган бўлиб, кам таъминланган, имконияти чекланган, ишсиз аёл ва қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

2019-2021 йилларда вилоятда 40 минг 600 нафардан ортиқ аёлга тадбиркорлик сир-синоати ўргатилди. Уларнинг ҳар тўрттасидан учтаси ҳозир ўзининг бизнесини муваффақият билан бошқармоқда. Хотин-қизлардан 22 минг 194 нафари қўшимча касб эгаллади.

Айни пайтда уюшманинг кўмаги билан бир қатор тадбиркор аёллар Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Малайзия ва қўшни Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Қувасой шаҳридаги 30 та МФЙларда ҳам хотин-қизларни расмий бандликка жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган ўзини ўзи банд қилиш йўналишини янада ривожлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш тарғиботига бағишланган 30 дан ортиқ ўқув семинарлари ташкил этилди. Натижада, 309 нафар хотин-қизлар давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятларини бошлади.

Бугунги кунда Халқ депутатлари  Фарғона вилоят Кенгашининг “Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари”  доимий комиссияси раиси сифатида ҳам  фаол  иш олиб бормоқда. Депутатлик фаолияти давомида Қувасой шаҳар “Зебинисо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйларни жорий таъмирлашга кўмаклашди, болалар спорт майдончасини қуришга бош-қош бўлди. 20 дан ортиқ кам таъминланган оилаларни ўз ҳомийлигига олди.

–  Президентимизнинг камтарона меҳнатларимизга юксак баҳо бергани зиммамизга янада масъулият юклайди, – дейди мукофот соҳибаси. Албатта, келгуси ишларимизда ҳам хотин-қизларимизни фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишларни олиб борамиз.  Уларни  нафақат ўз тадбиркорлигига эга бўлиши  балки,  иш ўринларини яратишига ҳам кўмаклашамиз.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+