Депутатнинг тикув корхонаси

28.12.2020 16:12:03

 

-  Маҳаллада “Темир дафтар” рўйхатидан жой олган ишсиз хотин-қизлар қаторида турардим,- деб қолди суҳбатдошимиз, “Болдир” маҳалласида яшовчи Нилуфар Қадарова. – “Бека-Чарос” хусусий корхонаси томонидан хонадонимга битта тикув машинаси тақдим қилишди ва иш билан бандлигимни таъминлашди. Корхона буюртмаларини ўз вақтида тайёрлаб топшираяпман. Меҳнатимдан келаётган даромад ҳисобига қозонимиз қайнаяпти, фарзандларимни едириб-кийдиришга, рўзғор иқтисодига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Бека-Чарос” хусусий корхонаси раҳбари Гулбека Қучқорова хусусида бу каби миннатдорлик сўзлари айни дамда корхонада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишишга чорлади.

Кириб бораверишдан киши руҳиятини кўтарадиган озодалик, тартиб, иссиқ  ва кенг тикув хоналари, тикувчи хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароит, турли бичим ва кўринишдаги кийим-кечаклар кўргазмаси, энг муҳими, кўтаринки кайфиятдаги ишчи-ходимларнинг қўли қўлига тегмай, чаққонлик билан тикиш-бичиш ишларини олиб бораётганлиги эътиборни тортди.

-  Ниҳоят, 12 йилда ўз биномизга эга бўлдик, - дейди депутат Гулбека Қўчқорова. – Иш фаолиятимизни 2008 йилда бошлаганмиз. Дастлаб икки-учта ишчи кучи билан кичик тикув цехида иш олиб борган бўлсак, гарчи йиллаб ижарама-ижара кўчиб юрсак-да, сабр, интилиш билан аста-секинлик билан цехда фаолият кўламини кенгайтириш ҳаракатидан тўхтамадим. Бу вақт давомида  ижара тўловларини ўз вақтида тўлай олиш хавотирлари, цехда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ойлик маошларини вақтида бера олиш  масъулияти каби қийинчиликлар мени янада кўпроқ интилишга, изланишга сабаб бўлгандир, эҳтимол. Туман ҳокимининг кўмаги билан корхонамиз учун 15 сотих ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирда корхонада ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида яна қўшимча тикув хоналари қуришни бошлаб юборганмиз. 2021 йилда яна 40 та тикув машиналарини сотиб олиб, тумандаги 1 ва 2-сонли касб-ҳунар мактабларида тикиш-бичиш сирларини ўрганаётган 20 га яқин қизларни иш билан таъминлашни режага киритганмиз.

Тикув цехини кўздан кечирар эканмиз, 30 нафар мутахассис  хотин-қизлар 30 та  тикув машиналарида корхона ва завод, фабрика ва бошқа ташкилотларда кийилиши талаб этиладиган ишчилар кийим-кечакларини тикишаётганини гувоҳи бўлдик.

-  Республикамиздаги кўплаб корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузганмиз,- дейди Гулбека опа Қучқорова. – Буюртмаларни ўз вақтида етказиб бераяпмиз. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, даромад ҳисобига қўшимча дастгоҳлар олиш, иш ўринларини кенгайтириш орқали корхонани фабрика даражасига етказиш ниятидамиз.

-  Инсонда эзгу ишларга интилиш бўлса, ҳар бир қийинчиликни сабр-бардош билан енга олиш қобилияти бўлса, албатта, кўзлаган мақсадига эришишини Гулбека Қўчқорова мисолида кўришимиз мумкин,- дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП туман Кенгаши раиси Хонбуви Ҳайитова. – Депутатимиз сифатида ҳар соҳада фаол, айниқса ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида анчагина салмоқли ишларни олиб бормоқда. Хусусан, “Темир дафтар”да турувчи ишсиз хотин-қизларга уйида тикиш-бичиш ишларини олиб бориши учун  тикув машиналари ҳадя этгани ҳам бунга яққол бир мисол. Бугунги кунда улар Гулбека Қўчқоровадан хурсанд.

Асосийси, корхона ишчилари ойлик маоши, яратилган қулайликлардан миннатдор. Келаётган янги 2021 йилда сиёсатчи аёл, интилувчан тадбиркор, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Гулбека Қўчқорованинг бу борада эзгу мақсадлари кўп. Албатта, интилиш бор жойда, муваффақият бисёр. Келгуси режалари амалида депутатимизга омад тилаб қоламиз.

 

Гулжаҳон МАРДОН қизи,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+