Долзарб масалаларга эътибор қаратилди

04.01.2021 09:01:32

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шартлиги ҳақида куюниб гапирди. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарурлиги, коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги қайд этиб ўтилди. Дарҳақиқат, коррупцияга барҳам бериш учун ислоҳотни ҳар ким ўзидан, ўз-ўзини янгилашдан бошлаши керак. Айниқса, юқори турувчи давлат органлари вакиллари, халқ адолат излаб борадиган ҳар қайси эшикда одиллик тарозиси бехато ишласин. Ана шундагина халқ бошқарувдаги шаффофликка шубҳа билан қарамайди,  ўсиб келаётган ёш авлод онгида адолат тўйғуси билан улғаяди.

Коррупцияга қарши курашишда нафақат мансабдор шахслар, балки фуқаролар ҳам фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Уларнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, тизимлилик ва бошқа бир қатор сифатлар коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади.

Шу ўринда, яна бир масала – туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш лозимлиги белгилангани айни кўнглимдаги гап бўлди. Белгиланганидек, ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқилиши ҳам айни муддао. Ана шунда ҳар бир соҳада ходимларнинг иш самардорлиги, фаолият натижадорлиги кўтарилади.

 

Қуёш ҲАҚБЕРДИЕВ,

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+