Донорлик – беғараз ҳаётбахш куч

10.12.2020 12:12:14

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қўйиш маркази ҳамкорлигида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ташкил этилган беғараз донорлик акцияси кўтаринки рухда ўтди.

 Акцияда партия вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, талаба ёшлар ҳамда кўнгиллилар иштирок этишди. Донорлик ҳар бир инсон қилиши мумкин бўлган оддий, аммо олий қаҳрамонликдир.   Ҳозирги пандемия даврида донорлар сони кескин камайган, оғир беморларга, шифо истаб даволанаётган болажонларга қон ҳар доимгидек керак. Шунинг учун ҳам партия тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш мақсадида шундай хайрли акцияни бир неча йиллардан буён узлуксиз ташкил этиб келмоқда.

Инсоннинг ҳаётини асраб қолиш кўпинча қон қуйиш жараёни билан боғлиқ. Қон эса кимё лабораторияларида ишлаб чиқилмайди, у инсон организмидаги бебаҳо неъмат. Фақат яхши инсонларнинг ёрдами билангина оғир аҳволдаги беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрига умр қўшиш мумкин. Оз миқдорда қон топшириш эвазига сиз бир беморнинг яна ҳаётга қайтишига, ўз оила аъзолари бағрига қайтишига, сиз туфайли яна ҳаётнинг қувончли онларини кўришига каттадан-катта ёрдам берган бўласиз.

Шунинг учун ҳам, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, соғлигини мустаҳкамлашда қон қуйишининг аҳамиятини аҳоли кенг қатламлари орасида тарғиб қилиш, фавқулодда вазиятларни ҳисобга олган ҳолда етарли қон заҳирасини яратиш учун кишиларда доимий донорликка бўлган ҳиссиётни уйғотиш жуда муҳим. Бу борада бизнинг доимий ҳамкоримиз Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ҳар йили икки марта “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акциясини ташкил этиб, умидвор кўнгилларга шодлик улашиб келмоқда.

Рофе АЛИЕВ,

Самарқанд вилоят қон қўйиш маркази бош шифокори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+