ДОНОРЛИК – ҚАҲРАМОНЛИКДИР!

14.06.2024 19:06:45

Азиз донорлар!

Аввало, барчангизни 14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни билан чин қалбимдан табриклайман!

Бундан роппа-роса 19 йил олдин, аниқроғи, 2005 йилнинг май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари томонидан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклиф маъқулланган эди. Шундан буён ҳар йили дунё миқёсида кенг нишонланадиган бу байрам юртимизда ҳам турли тадбирлар, хайрия акциялари сифатида ўтказиб келинади.

Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган меҳр-мурувватнинг бу олий кўриниши қанчадан қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда, бемор юртдошларимизнинг турли оғир хасталикларни енгиб ўтишида муҳим омил ҳисобланади.

Ҳурматли донорлар!

Мамлакатимизда беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш ишларида «Адолатчи»лар ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Партиямиз томонидан 8 йилдан буён анъанавий тарзда – «1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» ва «3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» номи остида ўтказиб келинаётган беғараз донорлик акцияси мазкур эзгу мақсадга партиянинг хайрихоҳлигини намоён этади.

Мазкур акция ўтган 8 йил давомида 28 833 нафар фуқароларни кўнгилли донор сифатида иштирок этишга, натижада 9 517 литр ҳаёт томчилари йиғилиб, 44 321 нафар болажоннинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлганини инобатга олсак, қўлга киритилган бу натижанинг ҳаётбахш кучини сезиш қийин эмас, албатта.

Қадрли меҳр-мурувват соҳиблари!

Барчангизга соғлик-саломатлик, оилавий бахт, ўқиш ва иш фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман. Томирингизда оқаётган ҳаёт томчилари бундан кейин ҳам инсонлар саломатлигини асраб қолишда кўмакдош бўлсин!

Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+