Дори-дармонлар бўйича берилган ваъдалар, албатта, бажарилади

13.07.2020 13:07:15
“Адолат” социал-демократик партиясининг узоқ ва яқин дастурий стратегиясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусан, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек долзарб вазифалар ўрин олган. Шундай долзарб вазифалардан бири — соғлиқни сақлаш соҳаси, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, жумладан, кучли таъсир қилувчи ва зарарли оқибатлари бўлган дориларни фақат врач рухсатномаси (рецепти) асосида берилишини йўлга қўйиш, дори воситалари рекламасини чеклаш бўйича соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларидир.

Бундан кўзланган мақсад, аввало, аҳолини хавфсиз, сифатли ва яроқли, дори-дармон воситалари билан таъминлаш, инсон саломатлигига кучли таъсир кўрсатувчи дори воситаларининг кенг қўлланишини, одамларнинг онгу шуурига таъсир қилувчи рекламаларни тартибга солишдан иборатдир.

Бугунги кунда ушбу йўналишда партиянинг “Йўл харитаси”га мувофиқ тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Партиянинг дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олишга йўналтирилган лойиҳаси доирасида фракция аъзолари ва маъсул вазирлик ҳам­да идораларнинг масъ­ул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди. 

Ишчи гуруҳ мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва мақбул нархлардаги дори воситалари билан таъминлаш бўйича бир қанча масалаларни ўрганиб чиқиб, уларни бартараф этиш борасида аниқ тадбирлар амалга оширмоқда.

Ушбу масалалар Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2020 йилга ва 2020-2025 йиллар учун тузилган “Йўл хариталари”да ҳам белгиланган. Шу билан бирга, мавжуд қонунчилик базасига тегишли ўзгартиришлар ва тўлдиришлар киритиш ҳамда зарур ҳолларда қонунчилик ташаббуси билан чиқиш кўзда тутилган.

Ҳозирги давргача партия тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўтказган ўрганишлари, учрашувлари ва таҳлиллари натижасида психотроп моддаларнинг сотилишида талабларнинг кучайтирилганлиги, шифокорлар рецептларининг ёзилиши ва улар асосида дори воситаларининг сотилиши талабларига киритилган ўзгартиришлар шулар жумласидандир. Мисол учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.09.2019 йилдаги ПҚ-4438-сон «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.03.2020 йилдаги ПҚ-4662-сон «Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, 08.06.2020 йилдаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ва бошқалар.

Кўрсатиб ўтилган масалаларни ҳал қилиш мақсадида партия депутатлари, аъзолари, фаоллари ва хайрихоҳлари томонидан мавжуд талабларнинг бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда партия дори воситалари билан таъминот тизимидаги, уларнинг нархлари шаклланиши тартибидаги ва бошқа муаммоларнинг ечимини топиш борасида иш олиб бормоқда.

Партиянинг депутатлик корпуси, фаоллари ва хайрихоҳлари томонидан карантин талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилаётган аҳоли билан учрашувлар, сайёр қабуллар натижасида йиғилган маълумотлар умумлаштирилиб борилмоқда. Натижаси бўйича аниқланган ҳолатларни бартараф этиш чоралари белгиланади ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласи кўтарилади. Партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракатлари республикамиз аҳолиси ҳаёт тарзини яна бир поғонага кўтариш ва фуқароларимиз соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган.

Бугунги кунда партия фракция томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш даврида дори воситалари савдосини ташкиллаштириш ва назорат қилишнинг бир қанча муаммолари ва ечилмаган қирралари мавжудлиги аниқланди, улар қўйидагилардан иборат:

а) дорихоналарнинг “тиббиёт маскани” сифатида эмас, “савдо нуқтаси” сифатида эътироф этилиши;

б) дорихоналарнинг жойлашишига бўлган талабларнинг мукаммал эмаслиги;

в) дорихоналар учун етарли даражада мутахассислар — провизорларнинг етишмаслиги;

г) дорихона фаолиятига лицензия бериш тартибида дорихонада аниқланган камчиликлари учун лицензиянинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш масаласи; 

д) дори воситаларининг ягона умумий электрон базаси мавжуд эмаслиги;

е) дори воситаларининг хаддан ортиқ реклама қилиниши ва ҳ.қ.

Ўзбекистон аҳолисини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш борасида бир қанча қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Аммо бу ҳужжатларнинг барчаси ҳам самарали ишлаяпти деб айтиб бўлмайди.

Ишчи гурухи томонидан ўтказилган учрашувлар, суҳбатлар ва ўрганишлар натижалари таҳлил қилинганида фуқароларимиз томонидан билдирилган эътироз ва таклифлар инобатга олиниб, мавжуд меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва тўлдиришлар киритиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади ва улар босқичма-босқич амалга оширилади. Чора-тадбирларни ишлаб чиқишда асосий эътиборни тўғридан- тўғри ишлайдиган қонунлар лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Юқорида келтирилган муаммоларни ҳал қилиш замон талаби. Бу каби масалаларнинг ечими топилиши аҳолимизни сифатли ва самарали дори воситалари билан таъминлашда катта аҳамият касб этади.

Бирламчи таҳлиллар асосида ишчи гуруҳи қуйидаги таклифларини илгари сурмоқда:

а) Бугунги кунда дорихоналарни “савдо нуқтаси” сифатида эътироф этилади. Шу сабабли дорихоналарни “савдо нуқтаси” тоифасидан чиқариш ва тиббиёт маскани сифатида эътироф этиб, уларни аксарият ҳолларда тиббиёт муассасалари ичида жойлаштириш, уларда дорихона сифатида қўйилган талабларнинг бажарилишига, ишининг самарадорлигига, хизмат кўрсатиш сифатига, беморларга сотиладиган дори воситалари нархининг шаклланиш тартибига эътиборни кучайтириш борасида иш олиб боришни.

б) Фаолият кўрсатаётган дорихоналарнинг жойлашишига бўлган талабларни қайтадан кўриб чиқиш, йирик тиббиёт марказларининг теварак-атрофидаги қатор-қатор “дорихоналар расталари”ни камайтириб, аҳолининг сонидан келиб чиқиб, дорихоналарнинг сонини белгилаш, уларнинг орасидаги масофани аниқ белгилаш, дорихоналарда сотиладиган дори воситаларининг нархлари шаклланишини мунтазам ўрганиб боришни.

в) Дорихоналар учун етарли даражада мутахассислар — провизорларни ўқитиш. Айниқса, чекка ҳудудлардаги дорихоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш. Тиббий йўналишдаги олий ўқув юртларига кириш квоталарини ошириш ва улар орасида провизорларни тайёрлаш учун кундузги, кечки, масофавий ва сиртқи ўқув курсларини белгилаш масалалари кўриб чиқилмоқда.

г) Дорихоналар фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш. Унда дорихоналар ўрнатилган талабларга жавоб бермаган тақдирда уларнинг фаолиятини кўпроқ вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиётини киритиш назарда тутилмоқда. 

д) Дори воситаларининг ягона умумий электрон базасининг концепциясини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш. Биз тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш чораларини кўришимиз лозим.

Дори воситаларнинг ягона электрон базасини шакллантириш. Ушбу ягона базада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган барча дори воситаларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, яроқлилик муддати, чет элдан келтирилган дори воситалари учун эса қўшимча равишда импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизим татбиқ қилинади. Шу билан бирга, дори воситаларининг махсус коди орқали уларнинг ишлаб чиқарилгани ёки импорт қилинган кунидан бошлаб неча маротаба қўлдан-қўлга ўтгани, кимлар ишлаб чиқаргани ҳамда четдан келтиргани ҳақидаги маълумотлар хам жойлашган бўлади. Бу кўринишдаги маълумотлар эса дори воситаларининг легал равишда сотувга чиқарилганини кўриш имконини беради. Бу тизим эса дори воситаларининг нархини барқарорлаштириш ва сифатини таъминлаш имкониятини яратади.

Барча дори воситаларининг ягона электрон базаси яратилиши билан бирга ихчам мобиль илова ҳам яратиш зарур. Бу мобиль иловада барча фуқароларимиз исталган дори воситаси ҳақидаги маълумотларни олиши ва фойдаланиши мумкин бўлади. Шу мобиль илова орқали керакли дори воситаларининг қайси дорихоналарда мавжудлиги ҳамда нархлари ҳақидаги маълумотлар асосида фуқароларимиз энг мақбул нарх ва масофадан келиб чиқиб дорихоналарга мурожаат қилишларига имконият яратилади.

е) Дори воситаларининг рекламасини чеклаш лозим. Ҳозирда дори воситаларининг рекламаси бирмунча чекланган, аммо йирик фармацевтик компаниялар томонидан турли “яширин реклама” ўтказиш тадбирлари амалга оширилади. Шифокорларнинг оқ халатлари чўнтагида, қалпоқларида, стол устидаги календарь ва иш қоғозларида, қўлларидаги ручкаларида ва бошқа анжомларида шу компанияларнинг охирги ишлаб чиқарилган ва ўта самарали деб таъкидланадиган дори воситаларинг номлари ва логотиплари туширилган бўлади.

Ҳозирги карантин даврида ўзини-ўзи даволаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу сабабли биз дори воситаларининг рекламасини чеклаш тарафдоримиз. Беморлар фақатгина шифокор кўригидан ўтганидан сўнг, мутахассис тавсияси (рецептлар) асосида дори воситаларидан фойдаланишларини тавсия этилади.

Белгиланган лойиҳа натижасида қанчадан-қанча фуқароларимизнинг соғлиғини тиклаш, айрим ҳолларда эса ҳаётини сақлаб қолишга эришишимиз мумкин бўлади.

 

Фазлиддин ЗИЯЕВ,

“Адолат” СДП Марказий аппарати бўлим мудири,

Дори воситалари ноқонуний

айланишининг олдини олишга йўналтирилган

лойиҳа кординатори 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+