Янгиликлар 1170
Дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади
Бугун инсон саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда тиббий-ижтимоий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини ўз вақтида, арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимизнинг “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан аҳоли ва тиббиёт ташкилотларининг сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминланганлик даражасини ошириш, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжат билан 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш шифохона орқали амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу жараён аҳоли орасида тиббий маданият янада яхшиланишига, тиббий суғуртанинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини кенгроқ тушуниш имконини беради.
Шунингдек, дастлаб республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида беморларни шифохонада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тизими ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилади. Албатта, бу жараёнлар мамлакатимизда инсон қадри ҳар бир ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад эканлигининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Шу билан бирга, беморларда кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасидаги дори-дармонлардан ташқари қўшимча дори ва тиббий буюмларга эҳтиёж бўладиган бўлса, ушбу хизматлар пуллик асосда шифохонага кирим қилинган нархларда амалга оширилади. Бунда шифохона томонидан харид қилинадиган дори воситаларининг нархи белгиланган улгуржи референт нархларидан юқори бўлмаслиги таъминланади.
Ушбу жараёнларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этилишига эришиш мақсадида шифохоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди бўйича мутахассис лавозими жорий этилиб, бирламчи зарур бўладиган захиранинг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши таъминланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугун кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари томонидан дори восилари савдоси устидан етарли даражада назорат ўрнатилмаганлиги, айрим жабҳаларда тадбиркорлар ўз фойдаларини ўйлаган ҳолда зарур турдаги баъзи бир дори воситаларини белгиланган нархлардан бир неча баробар ортиқ нархда сотаётганлиги юзасидан ҳам кўплаб эътирозлар бўлиб туради.
Қарор билан дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштириш имконияти яратилиши назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳаётимизга тақдим этилиши минглаб беморларга саломатлигини тиклаш жараёнида зарур бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт буюларини ўз нархида харид қилиш, белгиланган тартибда энг зарурий дори воситаларидан тиббиёт муассасалари орқали бепул фойдаланиш имконига эга бўлади.
Мавлуда АДХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг