Янгиликлар 542
ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ...
Азиз ватандошлар!
Қадрли дўстлар!
Сизу биз бугун жонажон Ватанимиз, гўзал Ўзбекистонда яна бир қутлуғ айём 30 июль — Халқлар дўстлиги кунини кенг миқёсда, ўзгача руҳда нишонламоқдамиз.
Шубҳасиз, сана муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган байрам дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, дўстлик кечалари файз-таровати, шукуҳи ила янгича қиёфа касб этмоқда.
Биз азал-азалдан “Дўст билан обод уйинг”, деб келган халқмиз. Албатта, бунинг замирида олижаноб ва меҳнатсевар халқимиз қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик, биродарлик фазилатлари ётибди.
Бугун Ватанимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли соҳаларда фаолият юритаётгани миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликнинг амалдаги ифодаси, албатта. Она Ўзбекистонимизнинг бу борадаги инсонпарвар сиёсати дунё ҳамжамиятининг эътирофига ҳам сазовор бўляпти.
Ҳурматли дўстлар!
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам мазкур эзгу ғоя ва интилишлар йўлидаги ҳаракатларга фаоллик билан ҳисса қўшишга, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради.
«Адолат» оиласининг миллиондан ортиқ аъзолари сафида турли миллат ва элат вакиллари бирлашиб, партия ғоя ва ташаббусларини тарғиб этиб келаётгани ҳам шулар жумласидандир.
Қолаверса, партия кўпмиллатли ва кўпмаданиятли халқимиз фаровонлигини ошириш, ҳар бир миллат ва элат вакилининг сиёсий иродасини ҳурмат қилиш, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси йўлида тенг имконият ва шароит яратишни мақсад қилган, бу борада кўламдор натижаларга эришяпти ҳам.
Партиямиз байрамни муносиб равишда нишонлаш, ҳудудларда миллатпарварлик, яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларини акс эттирган лойиҳа ва дастурларни миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказиб, муштарак мақсаднинг реалликдаги самарасини оширишга эътибор қаратяпти.
Боиси биз, «адолатчилар» ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш учун барчанинг сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида ўзаро тенглигини кафолатлашга, жараёндаги позициямизни қатъийлик билан давом эттиришга интиламиз.
Қадрли ватандошлар!
Кўпмиллатли халқимизни, турли миллат ва элат вакилларини инсонийлик, меҳр-оқибат, дўстлик тараннумидаги файзли
айём — Халқлар дўстлиги куни билан табриклайман!
Барчангизга она Ватанимиз тараққиёти йўлидаги фаолиятингизда куч-қувват, зафарлар ҳамроҳ бўлишига тилакдошман!
Бағрикенг диёримизда «Ўзбекистон – умумий уйимиз!» ғояси асрлардан асрларга ўтиб, юксак самаралар, янгидан-янги марраларга чорлов бўлишига аминман!
Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси
Фикрингизни қолдиринг