Янгиликлар 537
Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган кун
Кўпмиллатли халқимиз – бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро тотувлик – барча ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Азал-азалдан ўзининг дўстлик ва бағрикенглик анъаналари билан машҳур бўлган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва тотув яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 38 та дўстлик жамияти ва 153 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда.
Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Биз бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида республикамизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтяпти. Жумладан, Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Рус миллий-маданий маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида «Миллатлараро тотувлик – тинчлик ва тараққиёт кафолати» лойиҳаси доирасида «Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган кун» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов, Рус миллий-маданий маркази раиси Г.Зоркина, партиямизнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Г.Айимбетова марказ ва партиямиз фаоллари иштирок этишди.
Тадбирнинг бош мақсади –миллатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бағрикенглик ғояларини сингдириш ва уни кенг тарғиб қилишдан иборат.
– Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келади. Улар асрлар давомида миллий низолар бўлмаганлиги халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади, - дейди Ўзбекистон "Адолат" СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов.
Учрашув давомида рус миллий-маданий маркази фаолияти, эришилган ютуқлар, уларда учраётган муаммолар ва таклиф этилаётган чора-тадбирлар, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари ва хориждаги ватандошларимиз таклиф ва муаммолари билан ишлашда «Халқ дипломатияси»нинг аҳамияти каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Рус миллати вакили сифатида Ўзбекистонда туғилиб ўсганимдан хурсандман. Мен бағрикенг, кўнгли очиқ, тинч юртда таълим олдим, касб-ҳунар эгаси сифатида ҳаётда ўз ўрнимни топдим,-дейди Рус миллий-маданий маркази раиси Г.Зоркина. - Оила қурдим, фарзандларим шу ерда туғилиб, вояга етди. Биз ўзбек, қорақалпоқ, рус, татар, қозоқ ва бошқа халқ ва миллат вакиллари билан дўст ва аҳил яшаяпмиз. Шубҳа йўқки, шу билан бир қаторда маданий ва маънавий яқин халқлар сифатида тинч, фаровон келажакни, фарзандларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини бирдек орзу қиламиз.
Албатта, юртимизда ўтказилаётган бундай тадбирлар қорақалпоқ, ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Тадбир рус миллий маданий маркази мутахассислари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар ва концерт дастури билан якунланди.
Амангуль ЕСЕМУРАТОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг