Янгиликлар 746
Дунё аёлларини бирлаштирган анжуман
Аёл қўли билан дунёни тебратишга қодир, деган ҳикматли сўз бугуннинг гапи эмас. Асрлар оша сайқалланиб, ҳаёт синовларидан тобланиб, ҳамон ўзининг янги қиёфаларини кашф этаётгани ҳаётий ҳақиқат, десак муболаға бўлмайди.
Ўтмишда момоларимиздан олимлар етишмагандир, аммо улар оқилу доноларни, буюк саркардаларни, ҳазрати Навоий, имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмий каби даҳоларни дунёга келтириб, уларни камолига муносиб улуш қўшганлар.
Бугун эса аёл меҳрибон она, севимли умр йўлдош, тадбиркор, аёл сиёсатчи ва иқтисодчи, шифокор, олима... Яратувчанлиги билан дунёни лол қолдиришга қодир аёл. Ана шундай қудрат соҳибаси бўлган аёлларимиз қалбидаги юксак шижоат ва ғайратни ҳаётга тадқиқ этиб, мамлакат ва жамият равнақига муносиб улуш қўша олишлари учун Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларнинг қўллаб қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларга бўлган тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш, иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётда фаоллигини ошириш учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш юзасидан қатор қонунлар қабул қилинмоқда ва уларнинг ҳаётдаги самарали натижаларидан бугун ўзимиз ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Мен ўзим ҳам тадбиркор, сиёсатчи сифатида халқимизнинг турли муаммоларини ҳал қилиш, иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни бандлигини таъминлаш борасида қатор ютуқларга эга бўлдим. Меҳнатларим муносиб баҳоланиб давлат мукофотлари эгасига айландим. Буларнинг барчаси бизга яратилган имкониятларни меваси.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Осиё хотин-қизлари форумида 30 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этди. Нуфузли анжуманда аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларида нафақат тажриба алмашилди, балки бу йўналишларни юқори босқичга кўтариш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилгани барчамизни қувонтирди.
Айниқса, Форум якунида Самарқанд декларацияси қабул қилингани оламшумул бир воқелик, деб айта оламиз. Мазкур халқаро ҳужжатда хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва уларни амалда таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, зўравонликка барҳам бериш, гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга қаратилган мақсадлар акс этган. Бу эса мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг мамлакатлараро оммалаштирилаётганининг ёрқин ишорадир.
Декларацияда Осиё мамлакатларида XXI асрда ҳар ким тенглик, тараққиёт ва фаровонлик шароитида яшаб, хотин-қизлар ва эркаклар адолатли дунё барпо этиш йўлида биргаликда ҳаракат қиладиган жамият шаклланишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий иродаси туфайли бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини фахр билан айта оламиз.
Матбуот саҳифалари орқали хорижликларнинг мамлакатимизда гендер тенглик борасидаги фикрлари билан танишар эканмиз, бу анжуман дунё аҳлини янада бирдамлиги ва жипслигига хизмат қилишига иқрор бўлдик. Бир сўз билан айтганда аёлларнинг мазкур форумдагидек бир жойга жам бўлиши – бу халқ дипломатияси ривожланишига, оилалар тинчлиги ва дунё халқларининг турмуш шароитларини янада яхшилашга, саодатли манзиллари сари бирлашишга хизмат қилади.
Шаҳноза Ғаниева
“Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг