“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”

24.12.2020 22:12:26

Илм ҳар қандай замонда ва маконда ҳам  нажот йўли, зулматни ёритувчи нур, инсонни камолотга етакловчи буюк неъмат бўлган. Бунинг ёрқин далили сифатида Имом Бухорийнинг ўн икки аср олдин “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”  деган  фикрларини келтириш  мумкин. Ер юзида мактаб барча иморатлар ичида энг улуғидир. Унда миллат келажаги пойдеворига асос солинади. Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлишига, кўп жиҳатдан, бугун фарзандларимиз таълим-тарбия олаётган ана шу масканда тамал тоши қўйилади. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз бебаҳо бойлик бўлмиш илм-маърифат, таълим-тарбияни инсон камолоти ҳамда миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билиб келишида ҳам чуқур маъно яширинган.

Давлатимиз раҳбари олиб бораётган изчил ислоҳотлар, хусусан, ташаббуслари натижасида  халқ таълими соҳасида  жуда катта  ишлар  амалга  оширилаяпти.   Барча  ривожланган  давлатларда  биринчи  навбатда  таълим-тарбияга   катта  эътибор  қаратиладики,  бу  ўша  давлатнинг  келгусида  ривожи  ва  тараққиёти   учун  хизмат  қилади. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида илгари сурилганидек, биз кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратамиз. Таълимга инвестиция киритиш – бу кежакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Шу боис, биз узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоримиз.

Яратиб берилаётган бу каби қулайлик ва шарт-шароитларга жавобан вилоят умумтаълим муассасаларида таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов билан ҳамкорликда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 – ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим – тарбия ва илм – фан соҳаларини ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ – 6108 – сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Қоракўл туманидаги математика фанига ихтисослаштирилган мактаб ҳусусида сўз юритиб, унинг фаолиятини юқори баҳолаганликлари ҳамда ҳар бир туманда шундай мактаблар яратиш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, Қоракўл туманидаги замонавий мактаб борасидаги ноёб тажрибаларни тарғиб қилиш мақсадида 2020 йил 23 декабрь куни соат 11:00 да Чироқчи туманининг марказида жойлашган умумтаълим мактабида тадбир ташкил этилди. Тадбирда, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов сўзга чиқди.

-Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, шу жумладан Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида математика фанига ихтисослаштирилган мактаб очишда ҳамкорлик йўлга қўйилди, бу соҳада юқори натижаларни кўрсатиш мамлакат тараққиёти учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади,- деди Мақсуд Ҳамидов.

- Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда таълим-тарбия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу соҳада яратилаётган кенг имкониятлардан аёнки, Учинчи Ренессанснинг мактаб остонисидан бошланишини тасаввур этиш қийин эмас,-деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Р.Раупов,- мактаб юксак маънавият бешиги, ёшларимизни касбга ўргатадиган даргохга айланиши муқаррар.

Чироқчи туманида таълим-тарбия тизимини юқори босқичга кўтаришда кўрсатган хизматлари, ментал арифметикани ўргатишда ўз ҳиссасини қўшганлиги учун Вобкент туман Кенгаши депутати, ўқитувчи Файзуллаев Нодирбек Собирович Ўзбекистон “Адолат” СДП 25 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланди.

Бугунги кунда биз Қашқадарёда мактаб таълимини янги босқичга кўтариш учун Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани тажрибасини татбиқ қилиш ишларини йўлга қўйдик. Ўйлаймизки бу ҳамкорлик келгусида ёшларимизнинг илмли ва салоҳиятли бўлишларида, таълим-тарбия тизимини юқори босқичга кўтаришда дастури амал бўлиб хизмат қилади. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўз фарзандларидек кўрувчи жонкуяр педагог-ходимларнинг барчаси бир мақсад йўлида фаолият юритади, у ҳам бўлса – камол топиб келаётган ёш авлод ҳар томонлама етук, комил инсон бўлиб ривожлансин. Бу эзгу мақсад барчани тинмай изланиш, ўз устида ишлашга чорлайди.

                                                          Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат”

СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+