Янгиликлар 2108
Дунёга айтилган сўз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида сўзлаган нутқида ташкилот ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга барчани яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга чақирди. Президентимиз ўз чиқишида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурди. Айтиш керакки, ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш пандемия салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш масалаларида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг долзарб аҳамиятига тўхталиб ўтди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз халқаро форум ўтказишга тайёр экани билдирилди. Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Эпидемия таҳдидларига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси тасдиқланганини маъқуллади ва хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, юқумли касалликлар бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Президентимизнинг нутқидаги яна бир мухим жихат янги кўриниш касб этаётган терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидларига қарши кураш масалалари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг эътибори марказида бўлиши ва бунда ўзаро ҳамкорлик қилиш зарурлигидир.
Ўзбекистон Президенти саммит иштирокчиларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари саммитида илгари сурган ташаббуслари ва имзоланган хужжатлар, албатта, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, иқтисодиётимизни барқарор ўсишини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Дониёр ЮСУПОВ,
Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг