Дурдонабегим Зулфияхонимнинг издоши

09.03.2022 17:03:09

Кейинги йилларда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Айтиш мумкинки, Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз томонидан бир гуруҳ иқтидорли қизларни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши айни эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.

Тақдирланганлар орасида Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, «Адолат» СДП фаоли Дурдонабегим Зайнобиддинова ҳам бор. 1997 йили зиёлилар оиласида туғилган Зулфияхонимнинг издоши чин маънода бунга муносиб. У Андижон шаҳридаги 4-мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўзининг интилувчанлиги, фанларни чуқур ўзлаштириши, ташаббускорлиги ва чаққонлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. Қачон қараманг қўлидан китоб тушмасди. Айниқса, Ўзбекистон ва жаҳон тарихини ўрганишга қизиқиши баланд эди. Рус, инглиз ва немис тилларини болаликдан чуқур ўргангани сабаб ҳозирда уч тильда эркин мулоқот қила олади.

Андижон тиббиёт коллежига ўқишга киргач унинг ҳаётга қараши янада ўзгарди. Шифокор бўлиш орзуси ўз устида янада қаттиқроқ ишлашга ундади. Дадаси Сарварбекнинг айтганича бор, вақт унинг учун қадрли. Бўш вақт деган тушунча унга бегона. Доим янги бир ғоя устида ишлайди.

2016 йили Андижон давлат тиббиёт олийгоҳига ўқишга қабул қилинганида ота-онаси унга «оқ йўл» тилаб, ўз ўрнида шифокорлик масъулиятли касб эканлигини атгандилар. Шунда Дурдонабегим қарори қатъийлигини, халқимиз саломатлиги йўлида ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга тайёр эканлигини билдирди.

У талабаликнинг биринчи йилиданоқ изланишдан тўхтамади. Шу сабаб жуда тез устозларининг эътиборига тушди. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш билан бирга тиббиёт соҳасида илмий изланишлар олиб борди. Ҳозирга қадар 1 та патент, 10 та рационализаторлик таклифларининг муаллифи. Қатор илмий мақолалари Республика ва хорижий журналларда чоп этилди.

Ёш олима сифатида бир қатор танловларда ҳам ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, 2018 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан ўтказилган «Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни» мавзусидаги Республика конференциясида «Энг яхши инновацион ғоя» ва 2019 йили «ХХI аср интеллектуал ёшлар асри» анжуманида «Энг яхши маъруза» номинацияси ғолиби деб топилди.

2020 йили унинг меҳнатлари яна муносиб баҳосини топди. Андижон давлат тиббиёт институти томонидан қабул қилинган 8 та рационализаторлик таклифларига гувоҳнома берилди, Тошкент давлат стоматология институти томонидан ташкил этилган халқаро олимпиадада ҳам омад кулиб боқди. Ва яна қатор халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб, ўз иқтидорини кўрсата олди.

Айни вақтда Д.Зайнобиддинова устози Ф.Икромова раҳбарлигида «Ҳомиладор аёллар қон-томир касалликларини олдини олиш ва ҳозирги замонавий даволаш усуллари» мавзусида илмий иш олиб бормоқда. Мақсади ҳомиладор аёллардаги касалликларни олдини олиш орқали соғлом авлодни яратиш, тиббиётга замонавий даволаш усулларини кенг олиб кириш.

-Илмий изланишларим бу қадар юқори баҳоланишини кутмагандим,-дейди Дурдонабегим.- Ўтган ойда Президент стипендианти бўлдим. 8 март арафасида Давлатимиз раҳбарининг қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш мени янада улғайтирди. Ўзбекистоннинг бахтли қизларидан бири сифатида қувончим чексиз. Бу барча Андижон қизларига берилган баҳо. Негаки ютуқларимда тенгдошларимнинг ҳам ҳиссаси бор. Қолаверса, устозларим, ота-онамнинг менга бўлган ишончи. Ҳаракатларимни улар доим қўллаб-қувватладилар.

Дурдонабегимни илмий изланишлари ҳақида қанча гапирсак оз. Бунга қўшимча спортнинг синхрон сузиш йўналишида янги марралар сари интилаётгани, тинимсиз хорижий тилларни ўрганиши ва гуллар парвариши борасида тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Орзулари бир олам тиниб-тинчимас қиз ҳали ютуқларим олдинда, дейди. Ўзбекистон спортчиларига доим ҳавас билан қарайди. Шу сабаб келажакда халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтариш учун сузиш машғулотларида ҳам фаол қатнашмоқда. Бу маънавиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатишига ишонади. Зеро, Зулфияхоним ҳаёти, маънавияти, садоқати ҳам ўзбек қизларига ҳамиша ўрнак.

Акбаржон НАЗАРОВ,

“Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+