Ечимини кутаётган муаммолар депутат ўрганишлари асосида ҳал қилиниши белгиланди

28.05.2024 10:05:40

Аҳоли билан мулоқотни самарали олиб бораётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг навбатдаги учрашувлари таҳлилий руҳда кечди. Депутат жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Бириктирилган соҳа ва объектларни ўрганди. Улар фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилди ва тегишли хулосалар чиқарди.
Мамлакатимизда тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш, соҳани халққа яқинлаштириш, зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида Президентимиз томонидан бир мунча ишлар амалга ошириляпти. Аҳоли учун кўплаб тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Депутат Махфурат Хушвақтова Миришкор тумани Жейнов қишлоғида янгидан таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган оилавий поликлиникада бўлди. Бу ердаги шароит, имконият, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида қилинган ишлар билан танишди. Электрон тизим, рақамлаштиришнинг афзалликлари хусусида тиббиёт ходимларига тушунча берди. Чандир қишлоғида 4 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Депутат маҳаллалар еттилиги билан мулоқотга киришди. Аҳоли хонадонларида бўлди. Одамларни қийнаб келаётган камчиликларни мутасаддилар иштирокида бартараф этиш чорасини кўрди.
-Маҳаллаларимизда қўшимча трансформаторга эҳтиёж бор,-деди Чандир МФЙ раиси Ўктам Хабитов.-Ички йўллар таъмирталаб. Пиёдалар йўлакчаси йўқ. Сим ёғочлар эскириб қолган.


Махфурат Хушвақтова аҳоли муаммоларини обдон ўрганиб, камчиликларга шу ернинг ўзида туман ҳокимлиги ва масъуллар иштирокида ечим топишга эришди. Маҳаллаларда 1 июндан бошлаб қўшимча трансформатор ўрнатиладиган бўлди. Июль август ойларида эса сим ёғочлар бетон электр устунларига алмаштириш белгиланди.
Депутат ҳудудларда касалликка чалиниб, тўшакда ётиб қолган беморлар ҳолидан ҳам хабар олди. Кўп йиллардан буён азият чекиб келаётган сурункали хасталикка учраган беморларни ногиронлик гуруҳига чиқарилишига кўмаклашди. Баъзи хаста кишиларга эса вилоят кўп тармоқли шифохонасида даволанишга имкон яратилди.
Махфурат Хушвақтова тумандаги трансформатор ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод фаолияти билан ҳам танишди. Ёш тадбиркорлар билан истиқболдаги вазифалари хусусида суҳбатлашди. Камчиликларини ҳал этишда амалий ёрдам берди. Қўшимча иш ўринлари яратаётган ишбилармонларга ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+