Эҳтиромга лойиқ бош шифокор

21.12.2021 18:12:17

Хонқа туман тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон «Ветеран» жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Хоразм вилоят бўлими, Хонқа туман бўлинмаси ҳамда партиянинг Хонқа туман Кенгаши ҳамкорлигида «Эъзоз ва эътибор» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирга жангчи-фахрийлар, партия фаоллари, депутатлар ҳамда мазкур тиббиёт бирлашмаси вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон «Ветеран» жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Хоразм вилоят бўлими ҳамда партиянинг Урганч шаҳар Кенгаши раиси Рустам Болтаев давлатимиз томонидан жангчи-фахрийларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар ҳамда шифокорларнинг машаққатли ва шарафли касблари хусусида сўз юритди.

Бугун дунёда ва мамлакатимизда рўй берган оғир, синовли-пандемия даврида хонқалик шифокорлар томонидан қуролдош дўстларимизга чуқур эътибор қаратилди,- дейди жангчи-фахрий ва ногиронлари Хонқа туман бўлинмаси раиси Мақсуд Отажанов. – Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Кўпал Тангрибердиевнинг жангчи –фахрий ва ногиронларни соғлиғига доим эътиборли бўлиб келаётганлигини қайд этиш жоиз. Чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикларни мунтазам ташкил қилиб берилаётгани, қуролдош дўстларимизни соғлиғини анчагина яхшилашга хизмат қилмоқда.

Савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Кўпал Тангрибердиев «Коронавирус инфекциясига қарши курашишдаги фидокорона меҳнатлари учун!» медали билан тақдирланди.

«Кичкина меҳнатларимни эътиборга олиб, мукофотга лойиқ деб топилганим учун, жангчи-фахрийлар ва ногиронлар етакчиларига миннатдорлик билдираман. Бу эътибор халқимиз саломатлиги йўлида янада фаол меҳнат қилишмизда куч бағишлайди. Тинчлигимиз йўлида жон фидо қилаётган жангчи-фахрий ҳамюртларимизнинг жони омон бўлсин. Доим хизматларига тайёрмиз», - дейди тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Кўпал Тангрибердиев.

Бир сўз билан айтганда тинчлигимиз ва саломатлигимиз посбонларининг дилдан суҳбатлари, бир-бировни қадрлашдек олийжаноб фазилатлари соғлом ҳаёт сари шиорини жонлантириб юборди деса, муболаға эмас.

Ҳа, инсонлари қадрланган юртимизда мана шундай фидойи, юрт дарди билан ёниб яшаётган юртдошларимиз эҳтирому эътирофга лойиқ деб топилаверади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+