Янгиликлар 1792
Эхтиромга лойиқ онкогинеколог сафдошимиз
Маълумки, давлатимиз томонидан онкология соҳасига чуқур эътибор қаратилди. Эндиликда бу касалликка чалиниш ҳолатлари имконият даражасида, яратилган имкониятларга асосан, олди олинадиган, онкологик касаллигига чалинган беморларга эса бир мунча қулайликлар яратиладиган бўлди.
Айниқса, соҳа эгаларининг машаққатли ва масъулиятли фаолиятини ҳам муҳтарам Президентимиз эътироф этганлари онкологларга анчагина рағбат бўлди.
Буни соҳа фидойилари бўлган сафдошларимизнинг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидан англаш қийин эмас.
Партия Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этиб келинаётган “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида Хоразм телевидениеси журналистлари билан ҳамкорликда Республика онкология ва радиология илмий-амалий онкология ва радиология тиббиёт маркази Хоразм филиали олий тоифали онкогинекологи Феруза Шарипованинг кўп йиллик машаққатли ва шарафли фаолияти тўғрисида суҳбатлашдик.
Қаҳрамонимизнинг касбига бўлган меҳри, жонкуяр ва фидойилиги нафақат жамоаси, балки, дардига шифо излаб ёки дардидан халос бўлиб, миннатдорлик билдириш учун навбат кутаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашганимизда фахрланиб, Феруза Шариповани яқин қадрдонлари каби унинг гўзал фазилатлари тўғрисида гапиришди.
Хасталаниб Феруза Шарипованинг қабулига кирганимда, мени жуда ҳам ширинсуҳанлик билан кутиб олди,– дейди қўшкўпирлик Дурдона Маткаримова ОАВларга берган интервьюсида - Истараси иссиқ бу шифокор опажоннинг менга кўрсатган меҳридан кўнглим тоғдек кўтарилди. Текширувдан ўтказдилар ва енгил муолажа билан оилам бағрига соғлом қайтардилар.
Касбимга меҳр қўйишим, инсонлар дардига малҳам бўлиш орқали халқимнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлишдек бахтга эришишимда энг аввало раҳматли устозим – отамни сабабчи деб биламан, – дейди қаҳрамонимиз - Отамнинг ҳаётим ва фаолиятимда берган ўгитлари ҳар доим менга йўлчи-юлдуз вазифасини ўтаб келган. Отамнинг орзуларини амалга ошириш, жамиятимизнинг у истаган фуқароси бўлиш менинг энг олий мақсадларимдан бирига айланган эди. Мақсадларим эса менга қўшқанот, куч ва шижоат ато этди. Шу билан биргаликда, аҳил жамоам, оилам ва яқинларим борлиги менинг таянч ва ишонч кучларимдир.
Партиядошимиз айни кунларда онкология соҳасига ва соҳа эгаларига муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан қаратилган ва берилган имкониятларни ғурурланиб гапирди. Мамлакатимизда онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўламиз, дея мамнуният билан эътироф этди.
Қаҳрамонимизнинг фаолияти ва ҳаёт йўлларига ҳам нафас бўлиб, назар солар эканмиз, унинг халқимиз саодати йўлидаги замонамиз қаҳрамони эканига яна бир бор амин бўлдик.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг