Янгиликлар 1924
Эҳтиромим сизга, онажон!
Фарғона вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Оналарга эҳтиром” фестивали барча мунис ва дилбар оналаримизни янада азиз ва мукаррам этиш, фарзандлик меҳр-муҳаббатини изҳор этишнинг ўзига хос кўринишига айланди. Бугун вилоятнинг барча меҳнат жамоаларида фаолият юритиб келаётган ходимлар, фарзандлик меҳри қалбида жўш урган ҳар бир вилоятдошларимиз ўз оналарини муборакбод этмоқдалар. Энг муҳими фестивал вилоятимизнинг барча ҳудудларида оммавий тадбирга айланиб, ҳар бир хонадонга кириб бормоқда.
Марғилонлик Тўхтахон Мирзабоева ҳам 9 фарзанднинг онаси. Ўғил-қизларини турмуш ўртоғи билан бирга тарбиялаб, вояга етказдилар. Ўқиб, эл корига камарбаста бўлишлари учун билими, меҳри ва эътиборини аямадилар. Бугунги кунда улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритиб келмоқдалар. 9 фарзанднинг бири Шерзод Каримов Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
Онахон меҳнат фаолияти давомида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида юзлаб шогирдлар етиштирди. Таълим соҳасида 43 йил меҳнат қилиб, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони сингари кўплаб эътирофларга сазовор бўлди. Ҳозирда нафақага чиқиб, 24 нафар набиралар, 26 нафар чеваралар бағрида бахтиёр умргузаронлик қилиб келмоқда.
Партия Кенгаши раиси Ш.Каримов волидаи муҳтарамасини оналар байрами билан муборакбод этиб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Шунингдек партиянинг яна бир ходимаси Саидахон Ҳолматова ҳам ўз онажониси Санобархон Ҳолматовага эҳтиромини билдирди.
Менинг соддагина, мунисгина, меҳрибон онам сизни жуда яхши кўраман, – дейди С.Ҳолматова. – Бизларни тарбиялаб вояга етказдингиз, бунинг учун сиздан миннатдормиз. Сизнинг ўгитларингиз, ҳаёт йўлингиз доимо бизларга ибратдир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг