Янгиликлар 3738
Эҳтиёжмандларга моддий ёрдам кўрсатилди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳи ташаббуси билан партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жойларда ҳар ҳафтада олиб бораётган юзма-юз мулоқотлари ўз самарасини бермоқда.
Партиянинг туман Кенгаши раиси А.Сайдалиев депутатлар ва ҳамкорлар билан биргаликда “Барраж” МФЙ ҳудудидаги “Ғазалкент” ойна корхонасида бўлиб, у ерда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш мавзусида учрашув ўтказдилар.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари шу маҳаллада яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, уларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларнинг ижобий ечимини топишда фаоллик кўрсатдилар.
Жумладан, ишчи гуруҳи тумандаги Садриддин Айний кўчаси 11- уйда истиқомат қилувчи асрга тенгдош ҳамюртимиз Мафтуна Ирисметова хонадонида бўлиб, ҳолидан хабар олиб, озиқ-овқат ва зарур дори-дармон воситаларидан иборат моддий ёрдам бериб, онахонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар.
Мазкур маҳалланинг Фурқат кўчаси 123-хонадонида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган Луиза Эшметова ҳамда Александр Игуменов хонадонида бўлиб, уларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳал этиш чоралари белгилаб олинди. Қарияларга озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларидан иборат моддий ёрдам кўрсатилди.
Депутатимиз Бахтиёр Камалов Бўстонлиқ тумани “Бараж” МФЙ ҳудуди ҳамда шу ерда жойлашган 4-сонли умумтаълим мактабида аҳоли билан учрашиб, ёшларни чуқур билим олишга жалб этиш, уларни таълим олиш жараёнларига бўлган қизиқишларини орттириш, ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби долзарб масалалар бўйича тушунтиришлар берди. Мулоқотлар давомида аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди.
Одамлар муаммосини ўрганиш, уларга ечим топиш, халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад. Ҳа, одамларнинг бахтли эртаси учун жон куйдириш уларнинг муаммосини ўрганиш, уларга ечим топиш, иш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши зарур. Ана шундай эзгу мақсаднинг рўёбга чиқиши албатта, партиямиз вакилларининг фаоллигига боғлиқ. Ўйлаймизки, партиямиз фаоллари, депутатларимиз халқ билдирган юксак ишончни оқлаб, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилаверади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг