Эл дардига малҳам бўлаётган маҳалла раиси

18.04.2020 20:04:58

Эл-юрти, халқи, фуқароларини дунё бошига келган балодан имкон борича кам талофот, иложи борича соғ-саломат олиб чиқиш йўлида кеча-ю кундуз зарур чораларни кўраётган инсонларнинг борига шукр айтгинг келади. Президентимиз, ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракатларини тўғри англаган, Юртбошининг халққа мурожаатларини ўзига қилинган мурожаат деб билган ва унга “Лаббай”, “Албатта ёнингизда турамиз” дея жавоб бераётган кишилар орамизда кўп.

Синовли, оғир кунларда кам таъминланган, боқувчиси йўқ, кунлик даромад келтирадиган ишларни қилиб юриб, бугунги кунда маблағсиз, озиқ-овқатсиз қийналаётган, лекин чиройли сабр билан дориламон кунларни интиқиб кутаётган кўп болали оилаларга давлатимиз, саховатли юртдошларимиз томонидан берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ва гигиеник воситаларни одилона тақсимлаётган, ички имкониятларидан келиб чиқиб барчага бирдек ёрдам кўрсатаётган маҳалла раислари, унинг ёрдамчиларини олиб бораётган эзгу ишларини эътироф этиш бурчимиздир.

Бугунги турли миш-мишлар, ёлғон маълумотлар, ваҳимали статистик рақамлар аҳолини сабабсиз безовта қилаётган кунларда қуёшнинг бир ёруғ нури каби порлашини истаб, ғамхўр юртбошиси, давлати, ўз маҳалла раисидан миннатдор бўлиб, уларни дуо қилаётган инсонларни телефон орқали қилган илтимосларини ерда қолдирмаслик мақсадида бир кичкина мақола ёзишни ният қилдим.

Сўз Президентимизнинг “Ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак” деган сўзларини дастурамал қилиб олган инсонлар ҳақидадир. Ўзига ишониб топширилган маҳалла, шу маҳалла ҳудудида истиқомат қиладиган ҳар бир оила, уларнинг ҳар бир аъзосини ўз яқинларидек яхши биладиган, барчанинг ҳол-аҳволидан бохабар кишилар ҳар қандай миннатдорчилик изҳорига лойиқ. Бугунги коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган  карантин даврида маҳалла аҳлини Президент, ҳукумат томонидан чиқарилган қонунлар, белгиланган  чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини тўлалигича тушунтириш, уларни биргаликда, ҳамжиҳатликда бу вақтинчалик  мажбурий вазиятдан чиқишга йўналтириш, кўмаклашиш каби хайрли ишларни амалга ошираётган Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги “Боғзор” маҳалласи раиси Жўрақулов Улуғбек ва унинг ёрдамчилари – бугунги қаҳрамонларимиз.

Менга “Боғзор” маҳалласида яшовчи, боқувчиси йўқ, 6 нафар фарзанднинг онаси, карантин сабабли бугунги кунда ҳеч қаерда ишламаётган Фарида опа Назимова телефон орқали мурожаат қилди. Мулоқотда “Боғзор” маҳалласида У.Жўрақулов, унинг Хотин-қизлар масаласи бўйича ёрдамчиси Сохиба опа Хаитова ва ички ишлар, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни маълум қилди. Карантин даврида аҳолини коронавирусдан ҳимоялаш, касалликни тарқалиб кетишининг олдини олиш, карантин қоидаларига аҳолининг риоя қилишини назорат қилиш, уй шароитида ўз-ўзини иш билан банд этиш, дала ва томорқа ерларида ишларни ташкил этиш, ёлғиз, кекса фуқароларга ёрдам кўрсатиш, аёлларни психологик ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оилавий касаначилик ва ҳунармандчиликни тарғиб этиш каби хайрли ишлари тўғрисида гапириб берди. Уларни барчасига  расмий веб-сайтимиз, “Маҳалла” радиоси, телеканали орқали маҳалла фуқаролари номидан миннатдорчилик билдиришда ёрдам беришни илтимос қилди.

Мен Фарида опадан Улуғбек аканинг телефон рақамини олиб,  унга қўнғироқ қилдим. Улуғбек ака суҳбатимиз бошида 2019 йилдаги сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг иштирокини катта қизиқиш билан кузатганини, партиянинг барча даражадаги номзодлари билан бўлиб ўтган учрашувлардан катта тассуротлар олгани, партияга хайрихоҳлигини билдирди. Бу ишларни амалга ошириш унинг, маҳалла ходимлари ва барчанинг фуқаролик, инсонийлик бурчлари эканлигини айтди. Мен ундан амалга ошираётган ишлари тўғрисида маълумот сўраганимда, Улуғбек ака аввалига “Бу ҳақда ёзиш керакмас, бу ишларни биз ҳар куни қиламиз” деб рози бўлмади. Мен маҳалла фуқароларини илтимоси бўйича ёзаётганим ва бундай фидойи элдошларимиз борлигидан хурсанд бўлганлигимни айтдим.

Шундан кейин Улуғбек ака Ягона мувофиқлаштирувчи марказнинг туман бўлими ва маҳаллий саховатпеша инсонлар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий-гигиеник воситаларни маҳалланинг кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ёлғиз, кекса, касалманд, ногирон фуқароларига тарқатиш жараёни тасвирланган фотосуратларни тақдим этди.

Азиз элдошим! Бизнинг шундай фидойи, халқ билан ҳамнафас, эзгу ишларни оддий иш деб ҳисоблайдиган инсонларимиз бор экан, биз албатта қисқа муддатларда бу балони енгамиз ва дунё ҳамжамиятига ўзбек халқининг бирдамлигини намойиш этамиз.

Дарҳақиқат, эзгулик шундай, унинг қаноти бор. Бу шундай қанотки, у жуда баланд учади, бу шундай қанотки, кўрган одамнинг кўнглини ёриштириб юборади. Биз мана шундай эзгуликлар билан бошимизга тушган синовни албатта енгамиз.

Улуғбек ака каби халқ хизматидаги кишилар, жамият равнақи, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш йўлида толмай меҳнат қиладиган Сохиба опадек инсонларни янада кўпайишини истардик!

Гулбаҳор АЛЛАКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+