Эл саломатлиги - партия нигоҳида

12.11.2019 19:11:23

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга кўра кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга муносиб ҳисса қўшган чуқур билим ва юқори малакага эга соҳанинг етук мутахассислари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ҳам электоратимиз вакиллари бўлган тиббиёт ходимларини самимий қутлади. Партиямиз раҳбари табрик сўзида таъкидлаганидек, соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида соҳада юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилмоқда.

Хусусан,  партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик”, “Фарзандлари  соғлом юрт қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида  бирлашайлик”,  “Соғлом оила - соғлом жамият - порлоқ келажак” лойиҳалари доирасида  жойларда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳларнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида ҳудудлар кесимида мунтазам равишда митинглар ва сайловчилар билан мулоқотлар  уюштирилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 12 ноябрь  куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти  Кенгаши томонидан Бўка тумани Марказий хиёбонида  “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” мавзусида ўтказилди.  

      Унда Бўка туманидаги тиббиёт муассасалари ходимлари, партиямизнинг фаол аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари,  номзодлар, “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаш вакиллари, туман, шаҳар Кенгаш раислари, Бўка туман ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида янграган карнай-сурнай наволари, кўргазмали қўл жанги намойишлари,  партия томонидан  ташкил этилган  акциялар маданият саройи майдонига келган минглаб турли ёш ва миллатга мансуб ватандошларимизда ўзгача таассурот қолдирди. Иштирокчилар партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирди.          

Юртдошларимиз партия вакиллари билан мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Айниқса, ҳудудда таниқли  бўлган санъаткорлар “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Сайловчилар билан ўзига хос, янгича мулоқот ўтказишга бағишланган тадбирда йиғилганларга “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров  партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари ҳақида  тўхталиб ўтди.

Жумладан, мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турганини таъкидлаб, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгилган устувор мақсадларини ҳаётий мисоллар воситасида тушунтириб берди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан дастурда соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ жой ажратиш таклиф этилди. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш давр талаби экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Гулнора Хакимова, туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси  шифокори:

– Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган лойиҳалар бизнинг мақсадларимиз билан муштаракдир. Халқимизнинг саломатлиги, келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларида сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларининг салбий таъсири катта. Унинг олдини олиш, фарзандларимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш эса барчамизнинг вазифамиз. 

Жонли мулоқот тарзидаги интерактив ўйинлар, совринли викториналар билан ўтказилган мазкур тадбир барчага манзур бўлди.

Ғолиблар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Митингда “Ақлли тиббиёт – барча учун” шиорини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш пулли хизматлар чегарасини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларни батамом йўқотиш лозимлиги йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Партиянинг вилоят Кенгаши бу каби янгича тарғибот тадбирларини барча туман ва шаҳарларда ўтказиб бормоқда.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+