Эмлаш – пандемияни енгишнинг мақбул йўли

23.07.2021 16:07:46

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси мамлакатимизда ҳам кескинлашмоқда. Айниқса, Covid-19 билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони ошяпти. Шундай долзарб паллада пандемияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчига айланмоқда. Касалликнинг, айниқса, қариялар ва ёш болаларда кўп учраётгани, асоратли кечаётгани ҳар биримизни бефарқ қолдирмаслиги шарт. Сўнгги кунлардаги касаллик билан боғлиқ статистика фақат карантин чоралари билан пандемиянинг олдини олиш мумкин эмаслигини кўрсатмоқда. Пандемияга қарши курашнинг энг самарали йўли, бу – аҳоли орасида иммун қатламни ҳосил қилишдир. Иммун қатлам учун аҳолининг 70 фоизи касалланиб, табиий иммунитет ҳосил қилиши ёки вакциналар билан эмланиб, иммунитет шакллантирилиши лозим. Шунга биноан жаҳонда касалликка қарши эмлаш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Саломатлигингизга бефарқ бўлманг. Касаллик ҳеч кимга шафқат қилмаяпти. Ўтган қарийб бир ярим йил ичида тождор вирус миллати, элати, ирқи, насаби, ёшидан қатъий назар кўплаб яқинларимизни орамиздан олиб кетди. Албатта, вакцина олиш ҳамманинг ўз ихтиёрида. Бироқ давлатимиз томонидан бепул равишда ташкил этилган вакцинация жараёнлари аввало инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган.

Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан, барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

“Ислом динида зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар. Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Ўзингиз ва ўзгалар саломатлигини асранг.

Азиз юртдошлар! Сизларни ҳушёрликка чақирган ҳолда, бу инфекцияга қарши самарали ва ишончли тадбир ҳисобланган оммавий эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишингизни сўраймиз.

 

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+