Янгиликлар 1719
Эмлаш тадбирларига оид хавотирлар асоссиз
Мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан бири эмлаш жараёнлари республикамизнинг барча ҳудудларида олиб бориляпти. Зеро, иммунизация хавфсиз эмлаш тадбирлари энг самарали усул ҳисобланади. Шунга қарамай сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашиб бормоқда. Айрим фуқароларнинг белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя қилмаётгани, эҳтиётсизлиги, айрим ҳолатда вакцина олишдан қўрқиши касаллик юқиш хавфининг ошишига сабаб бўляпти.
Фарғона вилояти Фарғона шаҳар ҳудудида дастлаб 8 та ташкил этилган эмлаш пунктларида коронавирус вакцинаси бирламчи тақсимот асосида Ҳиндистоннинг “Covisheld” ва Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Zf-Uz-Vac2001 вакциналарида жараёнлар олиб борилди.
Босқичма-босқич марказга яқин Қувасой, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманларидаги эмлаш пунктларининг сони 106 тага етди. Бугунги кунда барча шаҳар ва туманларда ташкил этилган 354 та эмлаш пунктларида 65 ёшдан катталар, тиббиёт, умумтаълим мактаби, МТТ ходимлари ва сурункали кассалликлар билан диспансер назоратига олинган 18 ёшдан – 65 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида вакцинация тадбирлари олиб бориляпти. Айтиш мумкинки, бу жараёнда Фарғона вилояти республика миқёсида юқори кўрсаткичга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Эндиликда вилоят ҳудудида чет давлатларда таҳсил олувчи ўзбекистонлик талаба ҳамда ОАВ, журналистлар, блогерлар ўртасида “СОVID-19” инфекциясига қарши эмлаш ишлари бошланади.
Жорий йилнинг 21 июнь ҳолатига 1 ва 2 босқичда жами Astra Zeneca – 93748 нафар, Zf-Uz-Vac2001 – 240768 нафар, Sputnik V – 7558 нафар, 3 босқичда Zf-Uz-Vac2001 – 15127 нафар фуқаролар эмланган. Қувонарлиси, кузатувлар натижасида маълум бўлдики эмлаш жараёнидан сўнг улар ўртасида нохуш ҳолатлар, оғир асоратлар қайд этилмаган. Демакки, қўрқиш ёки акс таъсир этади деган хавотирлар асоссиздир.
Эмлаш жараёнлари давомида мутахассислар томонидан мунтазам фуқароларга вакцинанинг афзалликлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Шу билан бирга, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, жамоат жойида оралиқ масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиш қоидаларига риоя этиш зарурлиги етказилмоқда.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг