Энди ер тақсимотида адолат бўлади

21.08.2021 10:08:52

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ер сотиш билан боғлиқ хабарларни кўп ўқияпмиз. Афсуски, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун мўлжалланган ерларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда сотиб юбориш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бундан буён бу каби ҳолатларга чек қўйилади, ер тақсимотида адолат бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот давомида энди давлат мулки объектларини, улар жойлашган ер билан бирга, ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотилишини билдирди. Бу бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилади деганидир. Тасдиқланган дастурга қўшимча равишда йил якунига қадар яна 500 та давлат активлари очиқ савдога чиқарилади.

Кўплаб ривожланган давлатлар тажрибасининг кўрсатишича, бирорта мамлакатда ер майдонларини режасиз бериб юбориш мумкин эмас. Олдин аниқ ҳудуд танлаб олиниб, унинг “мастер-плани” ишлаб чиқилади. Қаерда уй, қаерда мактаб, қаерда ишлаб чиқариш бўлиши аниқ белгиланиб, инфраструктура олиб келиш режаси тузилади. Шундан сўнг ер участкалари аниқ лойиҳа билан савдога чиқарилади.

Президентимиз вилоят ҳокимлари, кадастр ва архитектура идоралари билан бирга, ушбу тажриба асосида ишларни ташкил этишлари, аниқ ҳудудни белгилаб, режасини тасдиқлаган ҳолда, кейин ерларни аукционга қўйиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилиб, ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиши, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилиши қайд этилди. Жорий йил 1 ноябрга қадар ҳар бир ҳудудда камида мингтадан ер майдонини сотувга чиқариладиган бўлди. Бу ҳам тадбиркорлар учун кенг имкониятдир.

Сир эмаски, яқинда давлатимиз раҳбарининг ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашга доир муҳим фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, ерлар фақат аукцион орқали ижарага берилиб, сотилади ва адолатли тақсимланади. Сабаби августдан бошлаб, ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилмоқда.

Сайловчилар билан учрашувларимиз давомида айнан ер масаласи билан боғлиқ кўп мурожаатлар бўлади. Ери олиб қўйилган ёки бошқа шахсга ўтказиб юборилган фермерлар, ер ажратиш бўйича туман ҳокимларидан норози бўлаётган аҳоли, ер масаласида ҳокимиятга кун ора қатнаган, соатлаб, кунлаб ҳокимни кутган одамларнинг муаммолари ечим топадиган бўлди.

Албатта, жойларда бўш турган ерлар ва ресурслар кўп. Улардан оқилона фойдалансак, элимизнинг ризқу-насибаси бунёд этилади. Тарихий учрашувда белгиланган вазифалар эса ер ҳар қандай коррупция ҳолатларидан ҳоли тарзда ўзининг ҳақиқий эгасига, ишлайман, яшнатаман, деган фидойи инсонларга етиб бориши учун хизмат қилади.

 

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+