Энди меҳнат мигрантлари ҳам пенсия олади

26.05.2021 11:05:41

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан. Бу Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам алоҳида белгиланган. Шу сабаб  Президентимизнинг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини партиядошларимиз қўллаб-қувватламоқда.

Мазкур қарор тизимда қатор ўзгаришларга сабаб бўлди. Фуқаролар бундан қай даражада хабардор? Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.

Мутахассис ва ҳуқуқшуносларнинг пенсия таъминотидаги ўзгаришлар ва амалдаги қонунчиликка қаратилган маърузалари эшитилди. Маҳаллий кенгаш депутатлари ва партия фаолларига жамоатчилик орасида бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича кўрсатма берилди.

Музаффар Мамадалиев, ҳуқуқшунос:

- 2022-йилдан фақат фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси билан пенсия тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. Бу катта қулайлик ва овворагарчиликларнинг олдини олади. Бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилмоқда.

Янги тартиб бўйича 2022 йил 1 июлдан бошлаб, давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.

Таъкидланганидек, тизимда илгарироқ яна бир ўзгариш қилинган. Аниқроқ қилиб айтганда, эндиликда  меҳнат мигрантлари ўз-ўзини банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда солиқ тўламоқда. Бу уларга келгусида пенсия олиш имконини беради.

Тадбир якунида мавзу юзасидан туғилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+