Эндиликда барча кутубхоналарда Бош қомусимизнинг аудио китобини тинглашингиз мумкин

24.05.2024 17:05:27

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан, Бош қомусимизнинг партиямиз томонидан яратилган аудио китоби тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова, партия Марказий аппарати раҳбарияти ва масъул ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти ва ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Қизғин лаҳзаларга бой ўтган тадбирда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоблари кутубхонага тақдим этилди. Шунингдек, мазкур аудио китобнинг электрон шакли кутубхона тизимидаги барча ахборот-ресурс марказларининг интеграциялашган ягона тармоғига жойлаштирилди.

Эндиликда, ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги ахборот-ресурс марказларида Конституциямизнинг янги таҳрирдаги китобининг аудио форматини тинглаш ва юклаб олиш имкониятига эга бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби тақдимотига бағишланган тадбирлар давлат ва нодавлат ташкилотларида давом этмоқда.

 

"Адолат" СДП
Матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+