Янгиликлар 588
Энергияни тежаган ютқазмайди
Муносабат:
Кейинги вақтда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўп гапирилмоқда. Айниқса, куз-қиш мавсумида бу кун мавзусига айланаётгани бор гап. Юқоридагилардан келиб чиқиб масалага ҳозирдан эътибор қаратилмоқда. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши айни шу мақсадга қаратилди.
Таъкидланганидек, энергетика тармоғини ривожлантириш ва барқарор фаолиятини таъминлаш, энергия манбаларини ва генерация қувватларини кўпайтириш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Бу борада биргина масъул идоралар зиммасига вазифа юклаш билан натижага эришиб бўлмайди. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, барча соҳаларда энергия самарадорлигини таъминлаш муаммонинг ечими демакдир.
Тўғри, айни шу мақсадга қаратилган дастурлар қабул қилинди, тежамкор ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Саноат корхоналарида «яшил энергия» манбалари жорий қилинмоқда. Бироқ бу етарли эмас. Маъмурий бинолардан тортиб кўп қаватли уйларда ҳам энергия тежамкорлиги бўйича аниқ тартибда иш юритиш лозим. Бунинг учун ҳар биримиз масалага масъулият билан қарашимиз мақсадга мувофиқдир.
Эндиликда ҳар бир вилоятда биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна сифатида иш юритилиши белгиланди. Натижада республикамизда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришилади. Агар шу тартибни ҳар биримиз ўз хонадонимизда ҳам йўлга қўйсак рақамлар янада катталашади. Асосийси, тизимдаги муаммолар камаяди.
Ўз ўрнида Давлатимиз раҳбари тежаш-йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши керак, дея таъкидладилар. Бу қоида барчамиз учун бир бўлиши керак. Шунда куз-қиш мавсумида ҳам хонадонимиз чароғон бўлади, ҳамёнимиздаги маблағимиз ҳам тежалади.
Шу ўринда йиғилишда кўтарилган яна бир масала жуда ўринли. Электромобиллардан фойдаланувчилар сони ортиб боряпти. Жиззахда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шундан келиб чиқиб, электр тизимини ривожлантиришда янги қувватлаш қувватларини ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Электромобилни хонадонда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилиниши ўринли. Қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатган аҳолига тунги вақтда қувватлаганлик учун арзон тариф қўлланади.
Имконият ўз ўрнида масъулият демакдир. Агар барчамиз тежамкор бўлсак ўзимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам бу фойдали.
Малоҳатхон Мусаева,
«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.
Фикрингизни қолдиринг