Энг катта бойлигимизни асрайлик

14.11.2020 15:11:47

Инсон учун энг катта бойлик бу - унинг саломатлиги. Шу сабабдан ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий ва овқатланиш маданиятини юксалтириш - нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти олдида турган долзарб масала.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инсон саломатлигини таъминлашнинг асосий омили бўлган соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам соҳага оид йиғилишларда қишлоқ ва шаҳар поликлиникаларига, врачлик пунктларига тўғри овқатланиш, гигиена ва жисмоний тарбия бўйича мутахассис штатлари ажратилиш лозимлиги, бу эса фуқароларнинг сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилишда катта аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилмоқда.

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам айни ушбу масалага қаратилганлиги билан аҳамиятли. Мазкур қарор аҳоли соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириши йўлида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 2 млрд. инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 150 миллиондан ортиқ болалар ўсиш ва ривожланишда орқада қолаётганлиги кузатилмоқда. Шу билан бирга, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, оқибатида юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Қарорга асосан, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарини ташкил этиш, диетолог мутахассислар ва овқатланиш бўйича маслаҳатчиларни тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини тайёрлаш, аҳолининг ёши, жинси, физиологик ҳолатига кўра тавсия этиладиган ўртача кунлик овқатланиш меъёрлари ҳамда жисмоний машқлар комплексини ишлаб чиқиш, тиббиёт техникумларида валеолог, диетолог, нутрициолог мутахассисликларини тайёрлашни йўлга қўйиш аҳолининг саломатлигини асраш йўлида қўйилган муҳим қадам деб ҳисоблайман.

Чунки, тиббиёт соҳасида олиб борилган илмий тадқиқотлар касалликларнинг 70 %  овқатланиш қоидаларига  амал қилмаслик оқибатида келиб чиқишини кўрсатади. Соҳага оид замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, еган овқатимиз бизга нафақат муайян озиқ, калория беради, балки ДНК структурасини ва таркибини ўзгартиришга қодир. Қадимги юнон мутафаккири Гиппократнинг “Бизнинг озиқ-овқатимиз – бизнинг дори-дармонимиз” деган сўзларини эслаш кифоя. 

Шу билан бир қаторда қарорда маҳаллалар кесимида “аҳолининг саломатлик профили”ни яратиш борасида белгилаб берган вазифалар айниқса аҳамиятга молик. “Аҳолининг саломатлик профили”да аҳолининг овқатланиш характери, тана вазни индекси, алкоголли ичимлик ва тамакига қарамлиликнинг мавжудлиги, артериал босим, қондаги қанд миқдори ва холестерин даражаси каби кўрсаткичларнинг қамраб олиниши, аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида биринчи ёрдамчи маълумотлар баъзасини шаклланишига, бу эса фуқароларнинг касалликлари, уларнинг сабаб ва оқибатлари, профилактикаси ва даволанишига оид саволларига жавоб топа олишига хизмат қилади.  

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича олдимизда турган вазифалар ҳали талайгина. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда нафақат тиббиёт соҳаси ходимлари, мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, шунингдек, маҳаллалар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам фаол иштирок этишимиз даркор. 

 

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+