Янгиликлар 1513
Ер ажратишда ягона шахс томонидан қарор қабул қилиш механизми тугатилади
2021 йил йил 5 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши онлайн тарзида бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, таклиф этилаётган лойиҳанинг қабул қилиниши уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши таъминланади, ушбу соҳадаги давлат назорати механизмлари ўрнатилади, давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилади. Уй-жой объектларини қуришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга эришилади, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил давлат сиёсати амалга оширилади.
Лойиҳа билан соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг аниқ механизмлари белгиланиб, унинг фуқаролик қонунчилиги билан чегараси аниқ кўрсатилмоқда. Шунингдек, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи барча турдаги фуқаролик-ҳуқуқий битимлар орқали вужудга келиши, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва у билан боғлиқ чекловлар назарда тутилмоқда.
Айниқса, қонун ҳужжатлари нормаларини тўғридан-тўғри амал қилинишини таъминлаш мақсадида бир қатор масалалар тартибга солинмоқда. Жумладан, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида турар жой қуриш аниқ белгиланмоқда. Шу билан бирга мулкдор оила аъзоларининг, у билан доимий яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мулкдор ва унинг собиқ оила аъзоси ўртасидаги муносабатлар кўрсатиб ўтилмоқда.
Мазкур лойиҳада ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бериладиган махсус уйлар, жумладан, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларининг, “Меҳрибонлик” уйларининг мақоми ва улардан турар жой бериш тартиби ўрин олмоқда.
Депутатлар алоҳида эътироф этганидек, лойиҳада уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатини белгилаш масалалари ўз аксини топмоқда. Хусусан, эндиликда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ҳисобга олишни рад этиш асослари, турар жой масалалари бўйича комиссиялар фаолияти ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни турар жой билан таъминлашга оид қоидалар аниқ белгиланмоқда. Қизғин муҳокамалардан сўнг лойиҳа фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда шунингдек, “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Депутатлар мазкур лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб, соҳада учраётган айрим камчиликларни айтиб ўтишди. Хусусан, ер муносабатларини тартибга солувчи қоидалар қонуности ҳужжатлари билан тарқоқ ҳолда тартибга солиниб келинмоқда. Бу эса, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишнинг амалдаги тартиби шаффоф эмаслиги натижасида жойларда фермер хўжалиги ташкил этиш учун танловларни ўтказишда бюрократик тўсиқлар, таниш-билишчилик ва коррупция ҳолатларига йўл қўйилмоқда, аксарият ҳолатларда танловлар ўтказилмасдан ер участкаларини бериш ҳолатлари мавжуд. Айниқса, амалдаги қонунчиликда ер участкаларига нисбатан хусусий мулкчиликни жорий этиш бўйича ҳаракатлар чекланган ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш механизмлари тартибга солинмаган.
Қонун лойиҳасида ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун асос бўлувчи ҳолатлар ва ижарага бериш муддатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Аҳамиятлиси, лойиҳада қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган ва унда ноқонуний қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқ келган тақдирда ушбу ер участкасининг бозор қиймати икки карра оширилган миқдорда тўланган ҳолда мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда расмийлаштириб берилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижаcида қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик соҳасидаги ер муносабатлари янада такомиллаштирилади, ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар мақбуллаштириб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, айниқса суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш таъминланади. Шу билан бирга ер участкаларини беришда шаффофлик ва очиқлик таъминланиб, инсон омилига боғлиқ коррупция ҳолатларга чек қўйишга эришилади. Айниқса, ер ажратишда ягона шахс томонидан қарор қабул қилиш механизми тугатилади ва ерга нисбатан мулкчилик ҳуқуқи мустаҳкамланади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг