Янгиликлар 1645
Ер муносабатлари: Ўзгаришлар сайловчиларга етказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева Бағдод туманида сайловчилар билан учрашди.
Туман ҳокимлиги биносида вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Тоҳиржонов ҳамда туман адлия бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 июндаги "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони юзасидан суҳбат ўтказилди. Фармонда кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан депутат ва мутахассислардан жавоб олди.
Шунингдек, оптималлаштириш даврида ерлари ноҳақ олиб қўйилиши юзасидан фермерларнинг мурожаати тақдири соҳа масъуллари зиммасига юклатилди ва депутат назоратига олинди.
Аввалги ўрганишларда маълум қилинганидек, тумандаги 42-сонли умумтаълим мактаби капитал таъмирга муҳтож эди. Шунингдек, 350-400 ўринга мўлжалланган таълим даргоҳида 783 нафар бола ўқиб келган. Депутат томонидан аҳоли мурожаатлари тегишли идораларга етказилди. Ушбу мактаб давлат инвестиция дастурига киритилиб, қўшимча янги бино қуриб бериладиган бўлди.
Шу билан бирга, мазкур мактабнинг 400 нафарга яқин ўқувчилари ҳар куни ўқишга бориш учун “Қўқон-Фарғона” магистраль йўлини кесиб ўтишларига тўғри келади. Агар қуриладиган қўшимча бино йўлнинг нариги юзида бўлса, болалар ва ўқитувчиларга янада қулайлик яратилган бўлади. Шу каби масалалар мактаб директори, маҳалла оқсоқоли, фаоллари, туман ХТБ раҳбари, "Адолат" СДП туман партия Кенгаши раиси билан биргаликда муҳокама этилиб, зарур чоралар белгиланди.
Қоракўл қишлоғидаги 42-мактабнинг қўшимча биносига ҳар жиҳатдан қулай бўлган жой масаласини ҳал этиш учун туман кадастр бўлими мутахассиси жалб этилди.
Ўрганишлар давом этяпти.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг