Янгиликлар 1331
Ерларни муҳофаза қилиш соҳасида самарадорлик ортадими?
Ердан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳаётий масала бўлиб, халқимиз яшаш тарзи, фаолияти ва фаровонлигини таъминлашнинг муҳим асоси сифатида дозарб аҳамиятга эга. Ерга оид ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш бугунги кунда айни зарурат бўлиб, бу, ўз навбатида, ердан илмий асосланган тарзда, мақсадли фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш, сақлаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ҳамда яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида дастлабки тарзда муҳокама қилинаётган янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳаси ана шу нуқтаи назардан ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Айни пайтда лойиҳани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ўрганилмоқда.
Бинобарин, ушбу ҳужжатда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, бу борада давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли органлар — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Давлат экология қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ваколатлари, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, назорат қилиш органларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида кодекс лойиҳасида уларнинг вазифалари аниқ қилиб кўрсатилмоқда. Мисол учун, Кадастр агентлиги ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Давлат Экология қўмитаси ерларни муҳофаза қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси эса қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириши акс этмоқда.
Янги таҳрирдаги кодекс лойиҳасида ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида янги норма киритилмоқда. Шу билан бирга, ер мониторингини амалга оширувчи органлар вазифалари ҳам аниқлаштирилмоқда. Шу ўринда қайд этиш жоиз, ер мониторинги ер таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш учун ер фондининг ҳолатини кузатиб туриш тизимидан иборат.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ер участкаларига бўлган мулкчилик тури, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ва уларнинг бошқа шахсга ўтиши, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ва улар билан боғлиқ битимлар, шунингдек, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш, ҳуқуқ бўйича ворислик, ер участкаларини бериш (сотиш) ва уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш ҳамда юридик ва уларга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш билан боғлиқ нормалар кодекс лойиҳасида ўз аксини топяпти.
Ер участкаларига бўлган мулкчиликка оид моддада Ўзбекистон Республикасида ер участкалари давлат мулки ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Киритилаётган ўзгартишга кўра, давлат мулкидаги ер — давлат мулкидир, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди ва ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказилмайди.
Шунингдек, давлат мулкидаги ерлар Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланиш учун берилиши белгиланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги Фармони талаблари асосида кодекс лойиҳасига киритилаётган ўзгартишга кўра, юридик ва жисмоний шахслар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда ўрмон фонди ерларини ўзлаштириб фойдаланишга киритганда ушбу ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу, ўз навбатида, ерлардан самарали ва оқилона фойдаланишга замин яратади.
Яна бир муҳим жиҳати, юқоридаги Фармон билан тегишли моддага ўзгартиш киритилмоқда. Яъни унга кўра, ер участкасидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун берилаётган ер участкаларида иморатлар ва иншоотлар қуриш тақиқланиши, деҳқон хўжалиги бошлиқлари ва томорқа ер участкаларининг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ҳамда ер участкасини муддатли (вақтинча) фойдаланишга олувчилари ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун тўлиқ жавобгар ҳисобланиши назарда тутиляпти.
Умуман айтганда, янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳасининг қабул қилиниши орқали ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга имконият яратилади, ерга бўлган мулкчиликнинг шаклланиши жадаллашади, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати кучаяди ва унинг самарадорлиги ортади. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ваколатига кирмаган ерлардан бериш ҳолатларининг кескин камайишига эришилади, ер участкаларини қонуний берилиши ёки сотилиши, ерларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий томондан кафолатланиши таъминланади.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг