Янгиликлар 982
Эртамиз эгаларининг келажаги йўлида
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлган давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси барчамизга янада шижоат ва кўтаринки кайфият бағишлади. Зеро, унда давлатимиз тараққиётининг устувор вазифалари белгиланган ва кўплаб масалаларга ечим берилган.
Бугунги кунда аҳолимиз сони 36 миллионга етди. Шубҳасиз, бу рақамлар эртамиз эгаларининг сафи кенгайиб бораётганлиги нишонаси. Шундай экан уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол ва соғлом, руҳан тетик ва дунёқараши кенг инсон бўлиб камолга етишларида муносиб шароит ва имкониятларни яратиш муҳимдир. Қолаверса, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, хорижий мамлакатларга ишлаш учун кетган ёшларимизнинг хорижий давлатларда бўлаётган қуролли тўқнашувлар ва чақириқларга қўшилиб қолмасликларини олдини олиш кун талаби.
Шунинг учун ёшларимизни касб-ҳунарли, билимли этиб тарбиялаш, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш муҳим вазифага айланмоғи керак. Жумладан, Мурожаатномада таъкидланган, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш, 2023 йилдан бошлаб янги дастурга асосан ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши бу борада муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш ўринлики, 2023 йилнинг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номланиши барча ташкилотлар қатори «Адолат» СДП тизимига ҳам улкан масъулият юклайди.
Чунки партиянинг асосий аъзолари ёшлар бўлиб, «Ёш адолатчилар» қаноти орқали умумтаълим ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, уюшмаган ёшлар ўртасида кўплаб танловлар ва тадбирлар ўтказиб келинади. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, билимларини мустаҳкамлаш, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида дахлдорлик ҳиссини оширишга эътибор қаратиб келинади. «Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари» лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар доирасида мутахассислар жалб этилган ҳолда ёшларимизга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, дунё мамлакатларидаги ўзгаришлар, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тушунчалар бериб борилади.
Келгуси фаолиятимизда ҳам бу борада тизимли ишларни олиб борган ҳолда ёшларимизнинг билимларини бойитиш ва уларнинг жамият ривожидаги роли ва аҳамиятини оширишга бор имкониятимизни йўналтирамиз.
Шуҳрат ЭГАМОВ,
«Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси в.б
Фикрингизни қолдиринг