Янгиликлар 1458
Эртанги кунга ишонч, фидойилик, журъат, якдиллик, аҳиллик — эркин ва фаровон яшашга олиб борадиган тўғри йўлдир
2021 йил Ўзбекистон ва халқимиз учун тарихий унутилмас йил бўлишига муҳим асосимиз бор. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик нашидаси, ўтган давр мобайнида олиб борилган тўғри сиёсат, катта меҳнатлар эвазига қадам бақадам эришилган ютуқлар, босқичма-босқич йўналтирилган ислоҳотлар сарҳисоб қилинадиган жараёндир.
Ўттиз йил босиб ўтган йўлимизга назар солар эканмиз, бугунги доруломон замонлар ўз-ўзидан рўёбга чиқмаганини, осмондан тушмаганини, унинг замирида гаровга тикилган ҳаёт, заҳматли меҳнат, ғоялар тўқнашуви, тинчлик ва осойишталигимизга таҳдидлар, барқарорлигимизга хуружлар, жаҳолатга қарши кураш ва бошқа кўплаб жараёнлар мавжуд эканини билмоғимиз, ҳис қилмоғимиз, англамоғимиз керак.
Бинобарин, ҳар бир замоннинг ўз даврий талаблари, тартиб-қоидалари, хато-камчиликлари, сиймолари, етакчилари бўлганидек, ҳар бир даврнинг босиб ўтиши муқаррар бўлган босқичлари, қонуниятлари, ҳақиқатлари ҳам бор.
Шундай ҳақиқатлардан бири юртимизнинг ўз мустақиллигини эълон қилгандан кейин ривожланиб кетишига, ҳам иқтисодий ҳам ижтимоий ҳам маънавий қарамликдан қисқа муддатларда ўнгланиб, ўзининг йўлини топиб олишига “сидқидилдан” ишонмаганлар ҳам бўлган. Дастлабки пайтлари бу журъатни ҳамма ҳам бирдек англамагани рост. Кўп ўтмай вазият яна ўз ҳолига қайтишига ишониб “сичқоннинг инини кошона” деб билганлар, жиддий бир ҳаракат қилишдан тийилиб турганлар ҳам бўлган. Чунки, собиқ иттифоқда ўзаро иқтисодий алоқалар шундай йўлга қўйилган эдики, бир республика бошқа бир республикага хомашё этказиб бермаса, “қорни оч, усти юпун қолиши” ҳеч гап эмас эди.
Ўша давр учун танланган тўғри ва оқилона сиёсат натижасида тарихан жуда қисқа муддатда салмоқли натижаларни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрнимизни топдик. Эндиги вазифамиз эса ана шу жойимизни мустаҳкамлаш, муваффақиятларимизни кўз қорачиғидек асраш, бунёдкорлик салоҳиятимизни юксалтиришдан иборат бўлди. Миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари юз тутган Ватанимиз – Ўзбекистоннинг янгиланаётган қиёфасини шакллантириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган инсонпарвар ислоҳотларни амалга оширишга астойдил киришилди. Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад мамлакат аҳолисининг олий қадрият деб эътироф этилган конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини ҳамда хаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдан иборат этиб белгиланди.
Ушбу мақсадга эришиш аввало узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган, халқимизни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлашдан бошланди. Барча вилоят, туман ва шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди, мурожжатларни қабул қилишнинг электрон тизими, виртуал қабулхоналар, халқ билан бевосита мулоқотлар йўлга қўйилди. Бугун халқ дардини, муаммосини ечиш учун, юмшоқ курсидан тушиб, салқин хонадан чиқиб, халқнинг олдига келиш, уйма-уй юриб дардини тинглаш, муаммосини ўрганиб, ечим топиш, пировард натижада халқни рози қилиш давлат идоралари ва барча раҳбар ходимларнинг биринчи галдаги вазифасига айланди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган инсонпарвар ғоя давримизнинг асосий шиорига айланди.
Иқтисодий ислоҳотлар, туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтириш, валюта бозорини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, янги-янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг банд бўлмаган қатламларини доимий иш билан таъминлаш натижасида ишсиз оилалар учун доимий даромад манбалари яратилиб, камбағалликни қисқартиришга эришаётганимиз ҳам айни ҳақиқатдир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги босиб ўтган ривожланиш йўлимизни сарҳисоб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилиш орқали олдимизда турган устувор вазифа – Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври учун пойдевор яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришда ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айнан шу масалалар давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.
Таъкидлаш жоизки, бугун юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самараси туфайли оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб, эртанги кунга мустаҳкам ишончи пайдо бўлмоқда. Юртдошларимиз барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмуши мисолида кўриб турибди. Бу эса фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканидан далолатдир.
Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, журъат, якдиллик, аҳиллик, садоқат ва тинимсиз меҳнат – эркин ва фаровон яшашга олиб борадиган бирдан-бир тўғри йўл эканлиги, Янги Ўзбекистон муносиблар юрти бўлиши ҳам айни ҳақиқатдир.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг