Ертўлада яшаётган одамлар...

23.03.2021 13:03:19

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов Хоразм вилоятига сафари давомида Урганч шаҳридаги  "Байналмилалчи" маҳалласида яшовчи "Аёллар дафтари" рўйхатида турган бир гуруҳ аёллар билан суҳбатлашиб,  уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш юзасидан бир қатор кўрсатмалар берган эди.

Хусусан, Ўзбекистон "Адолат" СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси Тохир Палванов, Урганч шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилот вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди ва қайд этилган муаммолар ўз ечимини топди.

Хусусан, ишчи гуруҳ  мазкур маҳаллада яшовчи, мурожаатчи  Наргиза Раҳимованинг хонадонида бўлди. Ўрганиш жараёнида   Наргиза опа уч нафар қизи ва тўрт нафар набираси билан икки хонали уйда яшаётганини гувоҳи бўлишди ва опага қонунчилик доирасида янги қурилаётган уйлардан  бериш режалаштирилди ҳамда мурожаатчига  керакли ҳужжатларни тайёрлаш тавсия этилди.

Дилбар опа Жуманиёзова ҳам қийинчиликлардан ҳоли бўладиган бўлди. Унинг хонадони кўздан кечирилганда, уй ҳақиқатан ҳам ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани  аниқланди ва шаҳар ҳокимлиги томонидан уй таъмирланиши белгиланди.

Ишчи гуруҳ мурожаатчи Муҳаббат Муродованинг хонадонида бўлиб,  оила аъзолари  билан дилдан суҳбатлашишди.  Оилада ўн бир киши яшаётганидан моддий томондан қийналиб қолишгани,  яшаш шароитлари ҳам қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Муҳаббат опанинг набиралари учун "бола пули" сўраб қилган мурожаати эътиборга олинди ва шаҳар ҳокимлиги томонидан қонуний ҳужжатлар асосида  ижобий ҳал этилиши билдирилди.

Маҳалладаги кўп қаватли бинонинг ертўласида турмуш ўртоғи билан   яшаб келаётган Рохат Матяқубованинг яшаш шароити ачинарли ҳолатга келиб қолгани аниқлангач,  шаҳар марказида жорий йилда қуриб битказиладиган ётоқхонадан жой ажратилиши қайд этилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари мурожаатчи Эркиной Сатипованинг ижарада яшаётган хонадонга ташриф буюриб ўрганилди ва Э.Сатиповага ҳам янги қуриб битказилаётган  ётоқхонадан жой ажратилиши айтилди.   

Роза Горлбцованинг қизининг турмуш ўртоғи вафот этгани ҳамда  ишсизлиги сабаб  иккала фарзандини тарбиялашда моддий томондан қийналаётгани тўғрисидаги баёни ҳам эътиборга олинди. Ишчи гуруҳ иш билан таъминлашни билдирди.

Ўрганишлар жараёнида аёллар  муаммоларидан бир неча йилдан буён азият чекиб келишаётгани, эндиликда муаммоларидан холос бўлиши тўғрисида тўлқинланиб  гапиришди. Бундай эътибордан,  инсонлари, айниқса, аёллари қадрланаётган юртда яшаётганидан шукроналар келтиришди.

Бир сўз билан айтганда, муаммо ечимини топсагина, фуқаронинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

Бу каби саховат амаллар, фуқароларни кўп йиллик  муаммоларидан холос этилаётгани партиямизнинг сайловчиларига берган ваъдасининг устидан чиқаётгани билан гўзал.

Зеро, халқ розилиги, энг олий ва энг адолатли баҳодир.

 

                                                                                                            Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                        Ўзбекистон "Адолат" СДП

                                                                               Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+