Янгиликлар 1256
Эътирозми, жазавами ёки буюртма...?
Ўтган йилги сайлов жараёнларидан гувоҳи бўлдингизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ОАВ вакиллари, шунингдек, блогерлар фаолиятини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Табиийки, улар ичидан халқ муносиб деб билганларининг аксарияти депутатликка сайланди. Сайлов тарғиботи ва жараёнларида ўзларини шу даражада кўрсата олди-ки, пировард улар халқнинг бевосита ишончига муваффақ бўлишди. Хусусан, Обиджон Латипов, Абдуққаххор Иминахунов каби блогерлар, қолаверса, ҳудудий Кенгашлардан сайланган яна бир қатор оммавий ахборот ва жамоатчилик вакиллари халқ ноибларига айланишди. Масалан, сайловда блогер Обиджон Латипов ва унинг рақиби кўрсатгичлари тенг чиқиб, такрорий сайловга қолиб кетса-да, у вазминлик, мулоҳазакорлик билан курашни қатъий давом эттирди. Алал-оқибат, чинакам ҳаракат уни депутатлик даражасига кўтарди. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.
Бироқ, куни кеча ўзини блогерман деб таништирган Муроджон Махсудов исмли шахс партия Марказий аппарати биносига келиб, депутатликка номзодлар рўйхатидан чиқариб юборилганлигини иддао қилди. “Ариза берганмисиз?”, деган саволга “Берганман” деб ёлғон гапиришдан нарига ўтмади.
Биз бундан шундай хулосага келдикки, бугун ўзини блогерман деб катта Интернет оламида “Адолат” партиясига қарши жар солаётган бу шахс ўрни келса, оддий инсоний муомала лаёқатига ҳам эга эмаслигини кўрсатди.
Биз блогерлар фаолиятини бундан сўнг ҳам қўллаб-қувватлаймиз, улар билан ҳамкорликни узвий давом эттиришга ҳамиша тайёрмиз. Лекин Муроджон Махсудов каби шахсларнинг эса ҳеч қандай асоссиз, ёлғон-яшиқ, иғво гапларини омма эътиборига ҳавола қилиши демократия талабларига жавоб бермайди. Чунки, ҳуқуқий демократик давлат дегани бир-бировининг юзига лой чаплаш, тош отиш дегани эмас, балки, қонунларга риоя қилиш деганидир. Қолаверса, депутатликка номзод кўрсатиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига биноан амалга оширилади.
М.Махсудовнинг ўзи аъзоси бўлган “Адолат” СДП шаънини булғашга қарата қилган ҳаракати халқимизнинг “...дан ботир чиқса чодирига ўт қўяди” деган мақолини эслатади.
Бундай тухмат ва ҳақоратли чиқишлар партиянинг нуфузи ҳамда партия аъзоларининг обрўсига путур етказмаслиигига ишонамиз. Аллақачон бу партия халқимизнинг ишончли партияларидан бирига айланиб бўлган.
Тўғри, демократик, эмин-эркин жамиятда ҳар бир фуқаро ўз фикрини ифодалашга ҳақли. Бироқ айтилаётган гаплар қанчалик асосли, мантиқли, ҳаққоний экан? Ҳар ҳолда жаноб Муроджон Махсудов кимларнингдир буюртмасига биноан партиямиз эшигини тақиллатиб келмаган бўлса керак, деган умиддамиз.
“Адолат” СДП
Фикрингизни қолдиринг