Янгиликлар 637
ФАОЛ ҲАРАКАТ ЖИДДИЙ ЎЗГАРИШЛАРГА САБАБ БЎЛМОҚДА
«Чортоқ суви» деган иборанинг пайдо бўлганига етмиш йилдан ошди. Мустақилликдан олдин «Чортоқ» сўзини эшитган юртимиз ва қўшни давлатлар аҳли маъданга бой шифобахш сувни кўз ўнгига келтиришган. Айни замонда эса ушбу оби-ҳаёт қадоқлари Европа, АҚШ, Жанубий Корея ва Хитой каби ўнлаб давлатлар аҳолисининг кундалик ҳаётига «Chortoq mineral water» ёрлиғи билан кириб борди. Демак, туман брендига айланган ушбу ноёб ичимлик туфайли нафақат Чортоқ тадбиркори, балки хорижлик ишбилармон ҳам даромад топмоқда.
Балиқкўл номи билан машҳур бўлган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи ҳам туризм манзили сифатида нафақат юртимиз аҳлини, балки хорижий сайёҳларнинг эътиборини ҳам ўзига тортаётган манзиллардан бири ҳисобланади. Демак, ҳар икки манба Чортоқнинг янада обод бўлишига замин яратмоқда.
Ҳам туб аҳолига, ҳам туристларга маъқул тарзда манзилларни обод қилиш осон иш эмас. Бунинг учун барча бирдай шижоат билан ҳаракат қилиши керак бўлади.
Ана ўшандайлар орасида ўтган сайловда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар орасидан сайланган беш нафар вилоят ва туман кенгашлари депутатлари ҳам бор. Чунончи, 55-«Бобур» сайлов округидан Мусохон Оппоқов ва 54-Ҳамид Олимжон сайлов округидан Сийидолим Абдураҳмонов халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига ва 30-«Ҳазратишоҳ» сайлов округидан Олимхўжа Махсудов, 14-«Янгиобод» сайлов округидан Сарварбек Муродиллаев, 23-«Алихон» сайлов округидан Икромхон Мамадиброҳимов халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланишган эди.
Депутатлар фаолияти «Адолат» СДП туман кенгаши томонидан таҳлил қилиб борилади. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, депутат Сарварбек Муродиллаев
мамлакат миқёсида каратэ мухлисларига яхши таниш. Чунки у бир неча бор республика чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби бўлган. Спорт устаси, «Мард ўғлон» нишони билан тақдирланган. Чортоқнинг мард ўғлони Сарварбек сайлов округи таркибидаги маҳаллаларда кенг кўламли ишларни амалга оширишда бош-қош бўлиб келмоқда. Унинг бошчилигида тарбия топаётган йигит-қизлар спортнинг 22 тури бўйича юрт байроғини юксакларга кўтариш даражасига етган. Айни пайтда мазкур спорт мактабидан Ўзбекистон чемпионати ва кубоги совриндорлари, Осиё, Европа чемпионлари етишиб чиқди. Спортнинг бир нечта тури бўйича ёшлар Ўзбекистон терма жамоалари таркибига қабул қилинган ва уларнинг кўпчилиги олий даргоҳларда ўқишни давом эттириш билан бирга спорт мусобақалари иштирокчиси сифатида олийгоҳлари шарафини ҳимоя қилмоқда. Депутат фуқаролар мурожаатлари асосида сўровнома киритиш ва ижросини таъминлаш масаласида ҳам фаол.
19-умумтаълим мактаби директори, депутат Икромхон Мамадиброҳимов ҳам масъулиятни ҳис этадиган инсон сифатида илмга интилган ёшларга, ёрдамга муҳтож оилаларга, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган йигит-қизларга йўл кўрсатади, ёрдам беради, қўллайди.
Унга ўзи бош бўлган 460 ўринли, лекин 700 нафардан зиё бола таълим олаётган мактабда қўшимча бино қуриш муаммоси тинчлик бермасди. «Депутат бўла туриб, ўз мактабим муаммосига ечим топа олмасам, одамлар нима дейди?», деган андишага борарди. Янги мактаб қуриш учун вақт ва катта маблағ кетади. У мутахассислар иштирокида директорлигидаги мактаб биносининг қурилиш тарихини ўрганди. Маълум бўлишича, бино 1918 йилда бошланиб, 1922 йилда моҳир усталар томонидан қуриб битказилган экан. Мутахассислар юз йил аввал қурилган бинонинг пойдевори мустаҳкам, қовурғаси бутун эканини тасдиқлашди. Демак, бино устига иккичи ва учинчи қаватни қуриш имкони бор. Депутат меҳнат фахрийси, соҳада катта тажрибага эга бўлган Рустам Исроилов билан маслаҳатлашиб, бинони қўшқават қилиб қуриш мумкинлигини исботлади ва режага киритди.
Депутат Олимхўжа Махсудовни туман марказдан олисда жойлашган Ҳазратишоҳ маҳалласидаги тиббий хизмат сифати қониқтирмасди. Аҳолидан тушган мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, бу ерда замонавий туғруқхона ва икки қаватли ОШП биноси бўй кўрсатмоқда. Қурилиш ишлари учун 2,287 млрд сўм маблағ ажратилган тиббиёт маскани 2-чорак якунида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
"Адолат" СДП
Наманган вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг