ФАОЛ ҲАРАКАТ ЖИДДИЙ ЎЗГАРИШЛАРГА САБАБ БЎЛМОҚДА

11.07.2024 11:07:55

200 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар бўлими таъмирталаб бўлиш билан биргаликда, беморлар учун ажратилган жой ўрни кам, 60 та. Оқибатда даволаниши зарур бўлган болажонлар навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Ахир бемор боланинг навбатда туриши ақлга сиғмайди. Депутат муаммони тезда ҳал этиш учун мутасаддилар иштирокида чора изламоқда.

Қишлоқ болаларининг соғлом ўсиши, чиниқиши учун ёзги ва қишки спорт майдони, заллари жуда ҳам зарур. Бу масала доимо депутатлар диққат марказида туради. Шунинг учун 30-умумтаълим мактабидаги қишки зал ва 20-умумтаълим мактаби ва спорт майдони таъмирланиб, жиҳозланиб, янги ўқув йилига ҳозирлаб қўйилди. «Обод маҳалла ва обод кўча» лойиҳаси асосида Тўриқ маҳалласида мактабгача таълим маскани қуриб битказилди. Иккита маҳаллада бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш манзили барпо қилинди. Учта маҳалла аҳолиси ичимлик сув билан таъминланди. Зангиобод маҳалласида эса электр тармоғи янгиланди. Узун кўча ва Зафар Диёр маҳаллаларида қарийб 3 километр йўлга асфальт, 500 метрга бетон қоришмаси ётқизилди.

Ҳа, кун сайин, ой сайин туман маҳаллалари ўзгариб, замонавийлашиб, илм даргоҳлари янгича қиёфа касб этиб, аҳолининг эзгу мақсадлар сари, ёшларнинг билим сари интилишларига имконият эшиклари очиб берилмоқда.

Пайқаган бўлсангиз, депутатларимизнинг барчаси маърифат фидоийлари, таълим етакчилари, спорт жонкуярлари бўлган устозлар. Уларнинг таълим-тарбиясини олган ёшлар орасида ҳаётда ўз ўринини топиб олганлар кўп. «Ёш китобхон» республика танловида биринчи ўринни эгаллаб, «Spark« автомашинаси соҳибига айланган 22- умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Замира Абдуллаева кечагина ўқувчи эди. Айни дамда у устозлар сафида турибди. Ёш тадбиркор Беҳзод Турғунов инглиз тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказини очган. Бу даргоҳда таълим олган минглаб ёшлар орасида халқаро сертификат соҳиби бўлганлар кўп. Улар айни пайтда ўз касб ва ҳунарлари ортидан юрт ободлиги ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

 

Ҳабибахон МИРАБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Чортоқ туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+