Фаол, изчил ва кўп қиррали ёндашув

11.11.2020 17:11:12

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуманида сўзлаган нутқи ҳар бир қўйилган масаланинг таг-заминигача қамраб олинганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.

Энг асосийси, ҳар томонлама ҳамкорлигимизнинг ноёб тажрибаси – “Шанхай руҳи”ни белгиловчи етакчи омиллар сифатида қадриятларимизнинг умумийлиги, тараққиётга интилишдаги ҳамфикрлилик, маданиятларимизнинг хилма-хиллигига самимий ҳурмат бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлиги Президентимиз томонидан  бениҳоя ўринли таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина, ШҲТ ҳам кучли бўлади. Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз муҳимдир” деган сўзлари йиғилганларнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлди.

Одамзод бошига тушган мудҳиш бало – коронавирус пандемияси, айниқса, иқтисодиётни пароканда ва алғов-далғов қилиб юборганлиги аянчлидир. Шу нуқтаи назардан Президентимиз пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этгани, ҳар қандай расмиятчилик ва бесамар тўсиқлардан ҳоли фаолият юритишга доир даъвати ўринли бўлди.

Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим масалани ўртага қўйди: ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш юзасидан билдирган таклифи, аввало, кадрларнинг интеллектуал имкониятларини, илғор технологиявий кашфиётлар тараққиёти, қолаверса, ҳар томонлама ижтимоий алоқаларнинг фаоллашувида муҳим омил бўлиб хизмат қилиш кафолатини беради.

Минг афсуслар бўлсинки, пандемия туфайли эҳтиёжманд, камбағал, ночор, халқ тили билан айтганда “қўли юпқа” қатламнинг сони бугун бениҳоя ортиб  кетди.

Ана шу қатламнинг дардига дармон бўлиш, уларнинг мушкулини осон қилиш, ҳаётга бўлган ишончини ошириш борасида Президентимиз юргизиб келаётган инсонпарварлик сиёсати барчага маълум ва маъқул. Ана шу нуқтаи назардан ШҲТ минбаридан туриб ночор қатламларни қўллаб-қувватлаш борасидаги таклифи байналмилал бағрикенгликнинг ёрқин ифодасидир.

“Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш зарур, деб ўйлайман. ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман”.

Яна бир муҳим ташаббус ШҲТ иштирокчиларида алоҳида таассурот қолдирди. Яъни, Президентимизнинг пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этиш зарурати ҳам ортиб бораётганлиги, шу муносабат билан Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаши, Концепцияда врачларни кенг турдаги касалликларни даволашда телетиббиёт усулларига ўқитиш ҳамда ушбу соҳадаги илғор тажриба алмашишни назарда тутиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратганлиги ўзгача даъват бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда, деган ўта хавотирли ташвиши бутун дунё жамоатчилигини, барча яхши ниятли кишиларни бирдек сергаклантириши шак шубҳасиз. Ёшларни, ҳаёт йўлини танлашга улгуриб-улгурмаган ўсмирларни наркодунёга, бир сўз билан қабоҳат оламига олиб кираётган ёвуз кучларнинг пайини қирқиш, уларнинг жаҳолатига қарши таъсирчан чоралар тизимини шакллантириш бугунги куннинг ҳеч кечиктириб бўлмас муаммоларидан биридир.

Терроризм ва экстремизмнинг наркотик истеъмолчиси билан қоришиб кетганлиги бугун ўта мудҳиш жиноятларга сабаб бўлмоқда.

Салкам ярим асрдан буён жангу-жадалдан, беҳуда олишувлар ва қон тўкишлардан боши чиқмай, пароканда ва беҳаловат умр кечириб келаётган афғон халқининг тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга баҳолиқудрат ҳисса қўшиш  мамлакатимиз раҳбариятининг доимий диққатмарказида бўлиб келган. Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёев “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тарафдоримиз” деган қатъий сўзлари бу борада ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қўйилган катта қадам бўлди.

Бир сўз билан айтганда давлатимиз раҳбарининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилишдаги сиёсий чиқиши ҳам тактик, ҳам стратегик нуқтаи назардан бағрикенглик, дарддошлик, инсонпарварлик тамойилларига тамоман мос тушиши билан аҳамиятлидир.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+