Янгиликлар 1970
Фаолият сарҳисоби ютуқ ва камчиликларни кўрсатди
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида Ўзбекистон «Адолат” СДП Хоразм вилоят “Ёшлар қаноти”нинг IV- ҳисобот – сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияга шаҳар ва туман “Ёшлар қаноти” конференцияларидан сайланган делегатлар, партия фаоллари, депутатлар иштирок этишди.
Конференция кун тартибида “2015-2019 йилларда “Адолат” СДП Хоразм вилоят “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар” ҳамда ташкилий масалалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, партия Хоразм вилоят Кенгашининг 39 минг нафар аъзосидан 19 минг 200 нафари ёшларни ташкил этади. “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Бир ойда бир иш ўрин” каби ўнлаб халқчил лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамда “Конституция билимдони” кўрик-танловлардаги ёш адолатчиларнинг фаоллиги қайд этилди. Шунингдек, ёш адолатчилар орасида ҳисобот даврида 2 нафар, жумладан, Шохида Юсупова, Руҳсора Машариповалар “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти, Мустақиллигимизни 29 йиллиги муносабати билан Раҳматжон Бобожонов “Мард ўғлон” кўкрак нишони билан тақдирлангани, Акбарбек Отабоев “Президент стипендияси”га сазовор бўлгани, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қошида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзолигига бўлиб ўтган сайловда вилоятда жами 13 та ўриндан 4 та ўринга ёш адолатчиларимиз эгалик қилгани тўғрисида ютуқлар эътироф этилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида “Ёшлар қаноти” томонидан 2014 йилда ташкил этилган “Истеъдод” клуби фаолияти самарадорлиги билан ўнлаб иқтидорли ёшларни кашф этаётгани билан нафақат воҳада, балки партия Сиёсий Кенгаши томонидан намуна этиб кўрсатилгани тўғрисидаги ютуқлар иштирокчилар диққат марказидан жой олди.
Шунингдек, ҳисобот даврида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия вилоят Кенгаши томонидан таъсис этилган “Адолат дўпписи ва белбоғи” маҳсус совғалари ва сертификатларининг 150 нафардан зиёд ўғил-қизларга тақдим этилгани ва мазкур совғаларга кўплаб иқтидорли ёшлар талабдор экани ва айни пайтда совғалар ўз эгаларини топаётгани ҳамда 25 нафар иқтидорли ёш адолатчиларнинг ижодлари жамланган “Истеъдод гулшани” номли шеърий китобининг чоп этилгани тўғрисидаги маърузалар тадбир таъсирчанлигини оширишда хизмат қилди.
Фаолиятда ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Жумладан, айрим шаҳар ва туманлардаги “Ёш қаноти”нинг фаоллигини ошириш, “Ёшлар парламенти” аъзолари билан ҳамкорлигини ҳамда Қонун ижодкорлигида ёшлар фаоллигини кучайтириш каби масалалардаги оқсоқликлар ўртага ташланди ва бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилди.
Бекзод Маркисов, “Ёшлар парламенти” аъзоси, тадбир иштирокчиси:
- Конференцияда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар асослантирилиб, мисоллар билан эътироф этилди ва камчиликлар танқидий-таҳлил қилинди. Йиғилишда эшитганларим мақсадларим сари дадил боришга ундади. Ёшлар билан ҳамжиҳатликда устувор вазифаларимизни белгилаб олдик. Партия фаоли сифатида Ватан келажаги учун ҳар қандай ишни амалга оширишда партиямиз асосий куч эканига яна бир бор амин бўлдик.
Шундан сўнг, кун тартибидаги ташкилий масалага ўтилди. Унда 17 нафар кишидан иборат бўлган вилоят “Ёшлар қаноти” таркиби қайта шаклланди. Ёшлар қаноти вилоят Кенгаши раислигига Дилмурод Норметов қайта сайланди.
Конференция сўнгида кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижроси назоратга олинди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг