Янгиликлар 3361
Фаолиятнинг долзарб масалалари – муҳокамада
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Карантин шароитида иқтисодий-ижтимоий соҳалар фаолиятини самарали ташкил этишда парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳамкорлиги” мавзусида онлайн семинар ўтказди. Вебинар тарзда уюштирилган тадбирда шаҳар, туман Кенгашлари раислари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирок этишди. Партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдужаббор Нишоновнинг маърузасида ва музокарада қатнашган Норин, Чортоқ, Наманган, Косонсой туман кенгашларининг раислари Носиржон Ҳасанов, Ҳабиба Мирабдуллаева, Ёрқиной Ҳожиматова, Зоҳидахон Ҳайитова, халқ депутатлари Янгиқўрғон ва Наманган туман кенгашларининг депутатлари Гулчеҳра Усмонова, Аҳмаджон Дадахонов ва бошқалар сафдошларимиз пандемияга қарши кураш кескин тус олган вазиятда ҳам фаолиятни сусайтирмаслик учун барча чораларни кўраётганликларини қайд этдилар.
Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси:
- Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида барча даражадаги халқ ноибларининг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки мамлакат тараққиётини янада тезлаштириш имконини беради, деб таъкидлаганди. Шунинг учун фаолларимиз бу масалага жиддий эътибор қаратдилар. Ҳисоботларга назар ташласак, беш ой мобайнида вилоят ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан жами 450 та тадбир ўтказилгани маълум бўлади. Албатта, уларнинг қарийб ярми карантин даврига тўғри келди. Шунинг учун янгича шароитда ишлаган фаолларимизга осон бўлмади. Чунки тадбирларнинг таъсирчанлигини камайтирмаган ҳолда санитария-гигиена талабларини, карантин чекловларини ҳисобга олиш ҳам зарур эди. Ҳар ҳолда бугун мазкур йўналишда олдимизга қўйилган вазифанинг уддасидан чиқдик, дейиш мумкин.
Албатта, бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Чунки ўтган йил декабрида ўтказилган сайловларда маҳаллий кенгашлар депутатларининг қарийб тўртдан уч қисми янгиланди. Шунинг учун дастлаб уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этишга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўришга тўғри келди. Услубий йўл-йўриқлар, маслаҳатлар беришга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам бош қўшдилар. Февраль ойининг охирги ўн кунлигида мамлакат парламенти аъзоларидан ташкил топган ишчи гуруҳи вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлди. Жойларда ўтказилган учрашув ва мулоқотларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ишини самарали йўлга қўйиш, янги сайланган депутатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайловчилар билан ишлашни янада такомиллаштириш ҳақида фикр юритилди. Ўтказилган тадбирларда “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзлари учун жуда кўп фойдали нарсалар олдилар. Ташаббускорлик билан ишлаш, ҳар бир сайловчининг таклиф ва мулоҳазасини ҳисобга олиш, уларнинг ечимини излашда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш, ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш каби масалалар диққат марказида турди.
Ёки “Адолат” СДП вилоят Кенгаши вилоят адлия бошқармаси билан биргаликда ўтказган тадбирни олайлик. Унда депутатлар, партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари раислари, фаоллар иштирок этдилар. Бу сафар ҳам фаолият самарадорлигини янада ошириш, сайловчилар билан ишлашни яхшилаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза юритилди. Бошқа қатор ўқув ва семинарларда ҳам партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, амалдаги қонунчиликнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида гап боргани фойдали бўлди.
Мана шу каби жараёнлар “Адолат” СДП маҳаллий кенгашлари ишини янги, янада юқорироқ босқичга кўтариш, депутатлар фаолиятини такомиллаштириш имконини бермоқда. Вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари изчиллик билан амалга оширган партиявий лойиҳалар орасида “Адолат – қонун устуворлигида” алоҳида ўрин тутади. Ўтказилган мулоқотлар давомида аҳоли томонидан 350 та мурожаат келиб тушгани, уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун зарур чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилгани диққатга сазовордир. Тегишли ташкилотларнинг мутасаддиларига 85 та депутатлик сўрови йўлланганлиги ва уларда кўтарилган масалалар ўз вақтида ҳал этилгани иш самарадорлигини кўрсатиб турибди.
“Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш– демократик жамият пойдевори” лойиҳаси қатнашчилари доираси ҳам бирмунча кенгайди. Аввал маҳаллалар аҳолиси учун кенг миқёсли тадбирлар ўтказиб борилган бўлса, кейинчалик партия ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда аъзолари учун масофавий сиёсий ўқувлар ташкил қилиниб келинди.
“Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари фаолиятини янада жонлантиришга катта эътибор берилди. Ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, яқинда ташкил топган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш бошқармаси билан меморандиум тузилди. Ана шу ҳужжат асосида амалга оширилаётган тадбирлар кўлами анча кенгайди. Ўз навбатида оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ҳам яхшиланиб бормоқда. Фаоллар ва депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кўпаймоқда.
Албатта, сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар талайгина. Айрим йўналишларда йўл қўйилган камчиликлар бор. Келгусида мана шу соҳаларда фаолият самарадорлиги оширилса, партиямиз нуфузи янада ортиши турган гап. Тадбир иштирокчилари қабул қилган қарорда яқин келажакда амалга оширилиши зарур деб топилган энг долзарб вазифалар қайд этилди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг