Янгиликлар 2938
Фаоллар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳудудларга чиқишди
Кейинги йилларда партиямиз фаолиятида шаклланган ўзига хос иш услубларидан бири – ҳудудларда уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзидан келиб чиқиб, бевосита ўзлари билан бамаслаҳат мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, қисқача айтганда, аҳоли дардига дармон бўлишга интилишдан иборат.
Партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгашининг ҳудудий ташкилотлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш учун карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳудудларга чиқишди. Учрашувлар жараёнида партиянинг “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда жами 5 та МФЙ ўрганилиб, 58 та хонадон, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида аҳоли томонидан 10 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 2 та депутатлик сўровлари юборилди.
Хусусан, Шеробод тумани Кенгашидан ишчи гуруҳ тумандаги “Тароқли”МФЙ бўлиб хонадон эгалари билан суҳбатда бўлишди. Суҳбатлар давомида маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролар Аҳмад Жавлиев, Бозор Бўриев, Ихтиёр Алимовлар кам фоизли кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ишчи гуруҳи фуқароларнинг муаммолари юзасидан Микрокредит банк туман бўлими раҳбариятига мурожаат қилинди ва фуқароларга кредит олишда ёрдам бериладиган бўлди. Кредит олиш учун банкка тақдим этиладиган барча ҳужжатлар қонуний тайёрланиши хусусида фуқароларга тушунча берилди.
Мазкур ишчи гуруҳи томонидан Сариосиё туманидаги “Саъди Шерозий” маҳалласида аҳоли билан юзма юз мулоқот қилиниб, муаммолар ўрганилди. Ишчи гуруҳга маҳаллада яшовчи фуқаролар М.Сувонқулова, М. Собирова, М.Ходжаевлардан ички йўлларниг асфальт қилиш зарурлиги тўғрисида мурожаат бўлди. Мурожаат юзасидан Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати А.Жалилов томонидан туман Йўллардан фойдаланиш ва таъмирлаш корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборилди..
Шунингдек, мазкур ишчи гуруҳ Ангор туманида бўлиб, тумандаги “Новшаҳар” МФЙда олиб борилган суҳбатлар жараёнида ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар Р.Аннаев, С.Хўжамбердиевлар маҳалланинг “Марказ” кўчасида тоза ичимлик суви бир неча кундан бери йўқлиги тўғрисида шикоят қилишди. Ушбу мурожаат ўрганилиб, МФЙ фаоллари ва туман Сувоқова бўлими билан ҳамкорликда ҳал этиладиган бўлди.
Яна шунингдек, Қизириқ туманидаги “Работак” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Гулбаҳор Эшимова Мажбурий ижро бўлими томонидан ичимлик сувидан қарздор чиқарилиб жаримага тортилганлиги, аслида қарзи йўқлигини билдириб, мазкур муаммони ҳал қилиб беришни сўради. Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутати Ч.Нормўминов фуқаро Г.Эшимованинг ичимлик сувидан ноқонуний қарздорлиги тўғрисидаги мурожаати бўйича туман “Сувоқова” корхонаси раҳбариятига мурожаат билан чиқди. Мазкур мурожаат корхона мутахассислари томонидан қайта ўрганилганда фуқаронинг ҳеч қандай қарзи йўқлиги, аксинча 76 минг сўм ортиқча тўлаганлиги маълум бўлди ва ушбу муаммо ҳал этилди.
Абдулҳаким Эшмуратов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:
- Одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан туриб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билангина жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига, энг муҳими, аҳоли кайфиятига баҳо бериб бўлмайди. Энг асосий масала муаммонинг бартараф этилишида. Депутат учун масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Сайловчиларни ўйлантираётган ҳар қандай муаммони ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳар бир депутатнинг асосий вазифасидир. Бу вазифанинг қай даражада уддаланиши, аниқ натижалар эса дастурий мақсад-вазифаларимизни рўёбга чиқариш, ҳудудда партиянинг, шу билан бирга халқ ноибларининг мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда хайрихоҳлар сафининг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё
вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг