Фарғона шаҳрининг бир неча йиллардан буён ёпилган кўчаси очилди

04.08.2021 16:08:53

Аввал хабар берганимиздек, Фарғона шаҳри Сайилгоҳ кўчасидаги йўл бўйида жойлашган умумий овқатланиш шоҳобчалари, кафе, ресторанларга келаётган мижозлар бошқарувидаги автоуловни сариқ чизиқ чизилган йўл четига қўйганларида 3.27 йўл белгиси ўрнатилмаган бўлса-да, уларга нисбатан йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари томонидан йирик жарималар қўлланилган. Бу эса турли эътирозларга сабаб бўлганди.

Мазкур масала юзасидан тадбиркорларнинг мурожаати Фарғона вилоят ишчи гуруҳи, жумладан, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шерзод Каримов иштирокида ўрганилди ва масалага ойдинлик киритилди. Тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган йўл белгиси олиб ташланиб, тадбиркорлик фаолиятини юритишга шароит яратиб берилди. Шунингдек, Фарғона шаҳар Маърифат ҳамда Сайилгоҳ кўчалари кесишмасидаги чорраҳанинг бир томони, яъни боғ томонга кириш қисми транспорт воситалари учун бир неча йиллардан буён ёпиқ ҳолатда бўлган. Ўрганишлар давомида турли хизмат кўрсатиш объектлари, савдо дўконлари жойлашган мазкур кўчанинг тўсиб қўйилгани ва автоуловларнинг ҳаракатланиши ва тўхташ жойи йўқлиги қийинчилик туғдираётганлиги юзасидан  ҳам мурожаатлар бўлганди.

Мазкур масала ҳам ижобий ечимини топди.

-Ҳозирда шаҳардаги Маърифат кўчаси очилиб, янгитдан асфальтлаштирилди, – дейди депутат Ш.Каримов. – Транспорт қатнови қўлга қўйилиб, авто тураргоҳ  ташкил этилди. Нафақат кўча атрофида фаолият кўрсатаётган ташкилот, тадбиркорлик объектлари ходимларига, балки  шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратилди. Улар ўз транспорт воситаларида бемалол ҳаракатланиш, тўхташ имкониятига эга бўлдилар.

 

  Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+