Янгиликлар 1026
Фармон лойиҳаси мутахассислар даврасида муҳокама этилди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбир тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган онлайн конференция ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирилги, Халқ таълими, Адлия, Молия, Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача таълим вазирлик вакиллари, матбуот ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Президент Фармони лойиҳаси мутахассислар ва партия фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилинди. Жумладан, ҳужжатда келтирилган педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масаласига аҳамият қаратилди. Сўзга чиққанлар томонидан малака ошириш тизимини “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида такомиллаштириб бориш механизми қўллаб-қувватланди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда кенг жамоатчилик барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Қайси соҳани олмайлик, қайси жабҳага назар солмайлик, илгари сурилаётган халқ ташаббуси албатта қўллаб-қувватланмоқда, шароит яратилмоқда, инвестиция киритилмоқда, рағбатлантирилмоқда, бир сўз билан айтганда, халқнинг розилиги йўлида тинмай изланилмоқда. Президент фармонининг лойиҳа тарзида тақдим этилиши, муҳокамага қўйилиши, унга таклифлар билдириш имкониятининг берилиши ҳам айни муддаодир
Биз янги уйғониш даврига юз тутдик. Бунга нечоғлик тайёрлигимиз, Учинчи Ренессансга киришишда айнан нималарга таянишимиз лозимлигига аниқлик киритишимиз ниҳоятда муҳимдир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг беш йўналишидан бири ҳисобланган таълим тизимни такомиллаштириш, илм-маърифат ривожига ҳисса қўшиш, ёш авлодни баркамоллик мезони асосида тарбиялаш бугун ҳар қачонгидан ҳам устувордир. Бу йўлда парламент, маҳаллий кенгашга сайланган депутатлар барча партия фаоллари ўз хайрихоҳларига ва кенг жамоатчиликка суянади.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат”СДП ўзининг сайловолди дастурларида ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, ҳақ-ҳуқуқини танитиш мақсадида мактабларда “Тарбия”, “Ҳуқуқ” фанларини киритишни, ёшларни олий таълим муассасаларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида чекловларни йўқ қилишни, олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, хусусан уларнинг ўзини ўзи молиялаштиришига квоталардан воз кечишига алоҳида аҳамият қаратган эди.
Мактаблардаги тиббиёт хоналарини тиклаш, тиббий ходимларнинг доимий ишлашларини таъминлаш, шу билан бирга хорижий шарқ давлатлари - Хитой, Япония, Корея тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда татбиқ этишпартиямиз томонидан билдирилган муҳим таклифлардан саналади.
Фармон лойиҳасида қайд этилганидек, юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваригача босқичма-босқич ошириб бориш чоралари кўрилади. Ушбу масала “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ҳам ўз ифодасини топган эди. Партия ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш ва шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни таклиф этмоқда. Шунингдек, “Адолат” СДП таълим олиш ва унинг сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда, “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш, истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий тизимни яратиш ғоясини илгари суради.
Тадбирда иштирокчилар томонидан муҳокама этилаётган фармон лойиҳасида акс этиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклифлар киритди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг