Фаровон ҳаёт ва тараққиётнинг асосий пойдевори

14.11.2022 09:11:01

Бундан роппа-роса ўттиз йил муқаддам халқимиз ва кенг жамоатчилик билан бамаслаҳатлашган ҳолда умумхалқ муҳокамасидан кейин ҳар томонлама ва чуқур ўйланган, демократик йўл билан қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистонда барпо этилаётган янги жамиятнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирувчи ҳамда мустаҳкамлавчи муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди. Шу боис, 1992 йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган тарихий кун сифатида юртдошларимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган саналардан биридир.

Ўтган 30 йиллик давр мобайнида Бош қомусимиз ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, бугун жамиятимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда инсон қадрини юксалтиришдек эзгу мақсадни амалга оширишда Бош қомусимиз мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда рўй бераётган ҳаётий ўзгаришлар, турли соҳалардаги ислоҳотлар халқимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясамоқда. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадлари доирасида халқимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ҳаётий ташаббуслар конституциявий тамойил ва қоидаларга мувофиқ тарзда амалга ошириб борилмоқда.

Хусусан, жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди. 

Конституциямизнинг ҳаётий негизи нечоғли мустаҳкам экани ўз тасдиғини топди. Боиси, бугунги ислоҳотлар шиддати ҳамда кўп сонли юртдошларимиз таклиф ва истакларидан келиб чиққан ҳолда айни кунларда Бош Қомусимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу халқимиз таклифлари асосида киритилаётган ўзгартиришлар орқали, Бош Қомусимиздаги Конституциявий қоидалар фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида тўлақонли ишловчи нормалар сифатида қатъий белгилаб қўйилмоқда. Чунки Асосий қонунимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилган. Энг асосийси, одамлар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис қилиш имконига эга бўлмоқда.

Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар жараёнида фаол иштирок этаётган, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Албатта, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларида фаол иштирок этиб келаётган юртдошларимизнинг бундай юксак мукофот билан тақдирланиши улар кўнглида юрт тақдирига бўлган дахлдорлик хисси янада юксалишига хизмат қилади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бундай юксак мукофот билан нафақат мамлакатимиз фуқаролари, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. Ушбу “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари Конституция қабул қилинган кун муносабати билан жойларда ўтказиладиган тадбирларда тантанали равишда топширилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг “Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда, албатта, барпо этамиз!” деган ғояси бугун замон билан ҳамнафас тарзда янгиланаётган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормалари асосида янада тараққий этади. Бу йўлда барчамиз бир жон-у, бир тан бўлиб хизмат қиламиз.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+