“Фаровон” кўчаси аҳолиси қачонгача йўл муаммосидан азият чекади, ёки “Фаровон”  кўчаси қачон фаровон бўлади?

17.02.2022 12:02:41

 Давлатимиз раҳбари томонидан ички йўллар муаммосини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш тўғрисида белгилаб берган вазифаларга қарамасдан, ҳалигача шаҳар ва туманларнинг ички йўллари чидаб бўлмас даражада яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

 Хусусан,  партия Хоразм вилоят Кенгаши раиси Т.Палванов номига  Урганч шаҳридаги Ҳамжиҳатлик маҳалласида яшовчи  бир гуруҳ фуқароларнинг    “Фаровонлик”  кўчаси йўлининг   муаммосидан бир неча йилдан буён азият чекиб келаётгани тўғрисидаги   ёзма мурожаатига асосан, партия фаоллари, депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, маҳаллада ўрганиш ишлари олиб борилди.

 Кўчага киришга кирдик, аммо  ёмғир ўн кун олдин ёққанига қарамай тўпланиб ётган кўлмак сувлардан кўчанинг охиригача бора олмадик.  Кўча йўлининг аҳволи жуда ачинарли.  

 Байрамона кийинган, қўлларида гулдасталар билан яхши ниятлар билан йўлга отланган  уч,  тўрт нафар   хотин-қизларнинг  расво йўлдан ўтиб олишга қийналишаётганини кўриб ҳафсаламиз пир бўлди.

Шу кўчадаги хонадонларда яшайдиган фуқаролар билан суҳбатлашганимизда,  ёзнинг чанг тўзонли кунларида чанг боғ-роғларидаги дарахтларни  қоплаб, ҳатто уйларигача ўрнашиб олаётганини, айниқса, ёғингарчилик кунларида маҳалла аҳолиси, пиёда ва транспортдаги йўловчилар  йўл ёмонлиги  туфайли катта қийинчиликларга дуч келишаётгани ҳақида гапиришди. Кўча ҳудудида жойлашган  3-академик лицей ва боғчага қатнайдиган ўқувчилар ва болалар учун ноқулайлик туғдираётгани, хатто турли бахтсиз ходисалар содир бўлаётганини, энг ёмони кейинги йиллар ичида талабга жавоб бермайдиган расво йўл сабаб 5 нафар ёш бола бахтсиз ҳодисага учрагани тўғрисида куйиниб гапиришди.

    Ўтган ҳафта қўшнимизнинг вафоти ёғингарчиликка тўғри келиб қолди,- дейди Равшан Матяқубов. – Ёмғир сувининг кўчамиз йўли  бўйлаб  30 смгача тўпланиб қолганидан, онахонни сўнги манзилга кузатишда жуда ҳам мураккаб қийинчиликларга дуч келинди. Бу ҳолатлар кўп бўлаётгани боис тўй-ҳашамларимизда юрагимизни ҳовучлаб худодан ёмғир ёғмаслигини сўраб илтижо қиламиз.

    -Йўл муаммоси юзасидан  тегишли ташкилотларга кўп йиллардан буён мурожаат қилиб келамиз,- дейди Рўзмат Ваисов. – Бир неча йил олдин кўчамизга ётқизилган асвальтни майдалаб қаергадир олиб кетишди. Бироқ "Йўлни қайтадан тузатиб берамиз", деган ваъдалари ҳанузгача ваъдалигича қолмоқда.  

  Шунингдек, ўрганиш жараёнида аҳоли  маҳалла ҳудудида болалар ўйнайдиган майдонча мавжуд эмаслиги, интернет тармоғи хизмати йўлга қўйилмагани тўғрисида ҳам гапиришди.

    Сафаримизни якунлаб, қайтар эканмиз,  саволлар бирин кетин  ёғила бошлади. Наҳот мутассаддиларнинг йўли бу кўчага ҳеч ҳам тушмаган бўлса? Ислоҳотлар “Фаровонлик” кўчаси учун эмасми? Нега беш йилдан буён  қайта-қайта қилинган мурожаатлар эътибордан четда қолмоқда?

    Муҳтарам президентимиз  фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, яшаш тарзини яхшилаш, қадр-қимматини асраш мақсадида кечаю-кундуз тиним билмасдан меҳнат қилаётган ҳамюртларимизнинг қадри топталмоқда.

Бу саволларга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар юзасидан партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши томонидан тегишли ташкилот раҳбарларига ёзма мурожаат этилди ва назоратга олинди.

 

                                                                                     Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                               Хоразм вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+