Фаровонликнинг ойдин йўли

01.01.2021 13:01:17

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатида халқимиз ҳаёти ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга оид бир қатор бир-биридан долзарб таклифлар эълон қилинди. Жумладан, Президентимизнинг ўқитувчилар обрў-эътиборини ошириш борасидаги ғамхўрликларининг давоми ўлароқ, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилишида яққол кўзга ташланади. Яъни, 2021 йилдан бошлаб,  бошқа тумандаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади.  Бу эса ҳудудларда  етишмаётган фан мутахассислари билан таъминлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, Президентимиз  камбағалликдан чиқиб кетиш мақсадлари учун келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилишини маълум қилди.

“Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилишучун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади. Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади”, деди Президентимиз.

Пандемия  шароитида ўз ишини йўқотган аҳоли камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 мингсўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

Энг аҳамиятлиси, Мурожаатда ёшлар учун ҳар бир ҳудудда кичик саноат зоналарини ташкил этиш таклифи бўлди. Бу - очилмаган ички имкониятларни ишга тушириш, ёшларни иш билан таъминлаш, қолаверса, саноат соҳасида доимо оқсоқланиб келаётган бизнинг туманимизда саноат ривожланишини жадаллашишига олиб келади.

Мурожаатда Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилиши тўғрисидаги таклиф ижтимоий адолат тамойиллари тантанасининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Қайд этилишича, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади.  Мазкур  енгиллик  натижасида  ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилиши эса бу борадаги айрим муаммоларга чек қўяди.

Ўйлайманки, Мурожаатда баён этилган бошқа таклифлар ҳам мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида туб бурилишлар воситаси бўлади шубҳасиз.

 

                                                                              Мухаммаднаби  ДУТУРАЕВ,

Халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+