Янгиликлар 1612
Фарзанд тарбиясида кечикмайлик
Аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида коррупцияга қарши тоқатсизлик маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида, авваламбор келажагимиз устунлари бўлган ёш авлодни ёшлигидан “Тоза қўллар” тамойилига сингдириб, уларнинг табиатида коррупцияга қарши иммунитет шакллантиришимиз керак бўлади, бу борада ўзимнинг ҳаётимда рўй берган ҳикояларим билан ўртоқлашмоқчиман, зеро мозийга қайтиш хайрлидир.
Бошланғич синфда ўқиганимда бир синфдошим бўларди, унинг уйига ҳар куни мактабга бирга бориш учун хабарлашиб борардим. Отаси қаерда ишлашини билмасдим-у лекин ҳар доим эшиги олдида чиройли машинада шофёри кутиб ўтирарди. Ота-онаси қизи тайёр бўлгунча мени дастурхонга таклиф қилиб, ширинликлар билан сийларди. Уларнинг дастурхони ҳар доим тўкин бўларди, қуруқ мева, ҳўл мева, ширинликлар тўла дастурхон. Бундай тўкин дастурхон бизнинг оилада хаттоки байрамларда ҳам бўлмасди. Бир куни дадамдан, “Нега бизларда шундай ширинликлар йўқ?” деб сўраганман. Шунда дадам бечора, “Балки отаси яхши жойда ишлар, ойлиги кўпдир”, деганлар. Орадан йиллар ўтди, бу оила пароканда бўлди.
Энди яқинда бўлган бир воқеа, уйга меҳмон чақирган эдик, келин билан харажат қилиш учун деҳқон бозорга бордик. Биласиз, меҳмон учун бозордан энг сара озиқ-овқатлар олинади. Дастурхонга қўйиладиган нозу-неъматлардан олиб бўлганимиздан кейин, ҳўл мева растасига бориб қип-қизил олма, ношвати, цитрус меваларидан ҳаммасини бир сотувчидан харид қилдик. Уйга келиб дастурхон тузатиш учун сумкани очсак, ичида энг арзон, сифати паст мевалар экан. Мен ҳали хануз ўйланаман, сотувчи буни қандай уддалади экан? Бизларни чув тушуриб роса устимиздан ҳам кулгандир. Энди қаранг, сотувчи ҳаром луқмани олиб бориб болаларига едирадими, ҳаром луқма еган болалари унга қандай кароматлар кўрсатар экан...
Иккинчи синфда ўқийдиган неварамга дарс тайёрлатиб ўтиргандим, ўқиш дарслигида, “Айиқполвон подшоҳнинг қизини севиб қолибди, уни ўғирлаб олиб қочиб кетибди, улар кейин фарзандли бўлишибди”, бундай мантиқсиз ҳикоялардан кўра ҳалол ва ҳаром ҳақидаги ҳаётий воқеалар яхши эмасми?
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда мактаб дастурини ўзгартириш ҳақида баҳс-мунозара бўлмоқда. Шу айиқполвон эртагини ўқиганимдан кейин шундай фикрга келдим, қанчалик бюджетдан маблағ кетса ҳам дарсликларни ўзгартирадиган вақт келганлигига амин бўлдим. Фарзандларимизни ёшлигидан ҳалол ва ҳаром ҳақидаги ибратли ҳикоялар ўқиб, буни мағзини билмас экан, катта бўлаганида қанчалик кўп тарғибот-ташвиқот қилинсада таьсири кам бўлади.
Гулора ИСМОИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг