Янгиликлар 1547
Фарзандларимиз келажаги учун босилган яна бир қадам
Фарғона тумани ҳудудида жойлашган Хонқиз қишлоғини кўпчилик билади. Шу қишлоқда яшаб, қишлоқдошларининг меҳрига сазовор бўлган Ғанижонхожи Раҳмонов 2005 йилда ўзига тегишли бўлган ернинг 2 гектар майдонига мактаб қуриш ташаббуси билан чиққан эди. Болажонларнинг ўқиши учун эса албатта таълим даргоҳи жуда муҳим. Отахон эзгу ишни ўғилларига васият қилиб қолдирган. Отасининг васиятини бажариш, қолаверса қишлоққа янги мактаб қуришда камарбаста бўлишликни истаган ўғли Лочинбек Раҳмоновнинг ҳам қувончи ичига сиғмади.
Куни кеча Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлари, туман ХТБ мудири Ғуломжон Ортиқовлар мактаб қуриш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида «Ўзбекистон» МФЙда бўлдилар. Ғанижонхожи Раҳмонов васият қилган ер майдони ўрганилиб, ҳозирда ерга эгалик қилаётган ўғли Лочинбек Раҳмонов билан суҳбатлашилди. У падарининг васиятини амалга оширишни исташи ва мактаб қурилишига ўзи ҳам ҳисса қўшиши мумкинлигини билдирди.
«Ўзбекистон» МФЙда маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилиб, аҳолининг таклифлари инобатга олинди. Йиғилишда сўз олганлар ушбу савобли ишни амалга оширишда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишликни таъкидладилар.
Озода ДАДАЖОНОВА,
Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати.
Фикрингизни қолдиринг