Фарзандларимиз тарбиясини кимга ишоняпмиз?

13.05.2024 12:05:56

Ҳаёт зарурияти туфайли бугун аксарият ёш оилаларда ота ҳам, она ҳам меҳнат фаолияти билан банд. Ҳатто, буви ва боболарнинг ҳам набира қарашдан кўра, ўз юмушлари бисёр. Табиийки, ота-она фарзандларининг хавфсизлиги ва ўзининг хотиржамлиги учун мактабгача таълим ташкилотларига уларни беришга мажбур.

Бироқ, эрталаб соат 08:00 дан 17:00 га қадар 9 соат мобайнида мактабгача таълим ташкилотидаги тарбиячи ва энагалар қарамоғида бўладиган ўғил-қизларимиз ҳақиқатдан ҳам ишончли қўллардами?, деган савол туғилади.

Афсуски, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган маълумотлар ўз-ўзидан бизни ҳушёрликка чорлайди. Самарқандда боғча тарбиячиси болалар танасига шприц тиққани, Навоий, Бухоро ва Марғилонда «боғча» тарбиячиси болаларни калтаклагани ҳақидаги кун сайин кўпайиб бораётган видео ва ота-оналар мурожаатлари масалага жиддийроқ эътибор билан ёндашишга даъват этди.

«Самарқанд тумани Бухорий МФЙ ҳудудида жойлашган Baby Land (Kids academy) хусусий МТТ кичик гуруҳ тарбиячиси И.Д. томонидан 24 март куни 2019 йилда туғилган тарбияланувчи У.Ф.га тан жароҳати етказилган. Тадбиркор томонидан тарбиячи И.Д. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган». ("Bugun.uz")

Мақолани давомини ўқир эканман, юрагимни қўрқув ҳисси эгаллади. «Мактабгача таълим вазирлиги бундай ҳолатларда хусусий боғчалар лицензиясини бекор қилиш масаласини илгари суради. Хар бир тадбиркор ташкил этаётган болалар боғчаларига руҳий соғломлиги тўғрисидаги маълумотномалар асосида тарбиячи кўникмалари бор мутахассисларни жалб қилиши лозим», дейилган муносабатда.

Бугун хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ёмғирдан кейин чиққан қўзиқорин каби ҳамма ерда кунора янги-янгилари очиляпти. Уларга эса тажрибали мутахассислар жалб этилиши амримаҳол. Ёш, эндигина техникумларни битириб келган, ҳали фарзанд тарбияси нималигини яхши тушунмаган айрим тарбиячилар ўзларининг ҳар бир хатти-ҳаракати уларга ишониб топширилган болаларнинг руҳиятида жой олишини тушуниб етишга қодир эмаслар.

Бугунги кун жажжи-войлари эса кечаги биз каби содда болалар эмас. Улар онасини қорнидан туғилибоқ телевизор қаршисида, айрим оналар фарзандини жим туришини ҳамма нарсадан муҳимроқ деган тушунча билан уларнинг қўлига телефон тутқазиб қўйишлари оқибатида билим доираси ҳам, шўхлигининг ҳам чегараси йўқ. Биргина «Маша-медвед» мультсериали оилаларимизда тарбияланаётган дилбандларимизни руҳиятига шу қадар катта таъсир қилдики, уларни ҳозир томдан ташлаб юбораман, десангиз гапингизни тугатмай томга қараб чопқиллайдиган болалар бўлиб етишмоқда.

Бу тарзда камолга етаётган ёш-авлод билан қандай муносабатга киришиш, уларга қандай тарбия ва билим бериш масаласи асосий масалага айланиб улгурди. Аммо, айрим хусусий боғчаларнинг таъсисчилари ҳам, унинг масъуллари ҳам тарбиячини ишга қабул қилаётганда тиббий маълумотнома олиб келишини сўрашидан кўра, камроқ маошга рози бўлишидан манфаатдор. Ота-оналар ҳам фарзандларини ишониб топшираётган тарбиячиларнинг маънавиятидан кўра, ота-оналар талаби билан уларни рус ёки инглиз тилини билиши муҳимроқ масалага айланиб қолган.

- 2 ёшли қизимни боғчага беришимиз зарур бўлганлиги боис шаҳардаги боғчаларни шарт-шароитлари, таълим-тарбия жараёнлари билан танишиш учун 3-4 та боғчага бордик. Битта боғчага борганимизда соат эрталабки, 07:30 бўлганлиги учун ҳамма боласини боғчага ташлаб ишга ошиқарди. Хайрият, ота-оналарнинг бири билан суҳбатлашишга имкон топдим.

- Боғчадаги шароитлар яхшими?

- Ҳа, бу ердаги «воспитател»лар рус тилида гаплашади. Шунинг учун рус тилини ўрганади, деб шу ерга берганмиз. Кунда бир соат шуғулланишар экан.

-Қолган вақт болалар нима билан машғул бўларкан?

- Телевизорни бекорга олиб бердикми, «мультик» кўришади. Барибир уйда ҳам шу…

- Бу сизни қониқтирадими?

- Вой, бўлади. Агар боғчага бир кун чиқишмаса мени жинни қилиб қўйишади бу болалар…

Ёш онага ора-сира саволларим малол келгани билиниб турар эди. Тезроқ гапим тугасаю, телефонидан «YouTube»дан ўзини қизиқтирган видеони томоша қилса….

Тан олиш керак, бугунги кунда таълим ташкилотларида яхши шароитларни муҳайё қилиб, ёш авлодни бугунги кун талаблари асосида инновацион таълим-тарбия бераётганлари ҳам бор. Бироқ, шунчаки кун ўтарга болаларни «эплаб» ўтирганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, оилавий боғчаларнинг аксариятида тиббиёт ҳамширалари билан таъминланмаганига шоҳидмиз.

Болалар бизнинг келажагимиз экан, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик! Мактабгача таълим ташкилотларига вақт топиб, фарзандларимиз истеъмол қилаётган таомларни, берилаётган таълим-тарбияни жамоатчилик назорати остида кузатиб қўйишни ҳам ёддан чиқармайлик. Кейинги афсус ўзимизга душман бўлмасин!




Бунёд Ахмадалиев,
"Адолат" СДП Фарғона вилоят Кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+