Янгиликлар 615
Фермер ғайриқонуний равишда ўзлаштирган 1 гектар ер эгасига қайтарилиши зарур!
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсад қилинган эди.
Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилди. Ушбу Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилиши ва бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди.
Шунингдек, деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган.
Туман Кенгаши депутатлари Озодахон Дадажонова, Файзилло Мирзаев, Назиржон Исақов, Илҳомжон Абдураҳмоновлар томонидан мазкур фармоннинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан фуқаролар мурожаатлари ўрганилди. Туман Кенгашидаги Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссиянинг масъул ташкилот раҳбарларига юборилган мурожаатда кўрсатилишича, «Соҳилдаги қоракўз» фермер хўжалиги раҳбари Ш.Мирзаев М.Отаназарова раҳбарлигидаги «Маманазар Мавжуда файзи» фермер хўжалигига тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини ғайриқонуний равишда ўзлаштириб олган. Муаммони адолатли ҳал қилиш, ерни ўз эгасига қайтариш ва тегишли ҳужжатларни муддатида тайёрлаб беришга кўмаклашиш мақсадида ушбу масала туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритилди.
Ер ўз эгасини топгандагина кўзланган юқори ҳосил бериши, халқимиз дастурхонида мўл-кўлликни таъминлаши мумкин. Ишончимиз комилки, тез орада муаммо ўз ечимини топади.
Гулчеҳра АҲМЕДОВА,
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг