Янгиликлар 1432
Форум аёллар фаоллигини оширишга хизмат қилади
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати “Аёллар қаноти” Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Замонавий интеллектуал фаол аёл-Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи куч” мавзусидаги аёллар форуми самарадорлиги жиҳатидан жуда юқори даражада бўлиб ўтди.
Форумга барча вилоят фаол аёллари қаторида хоразмлик адолатчи аёллар ҳам иштирок этишди.
Форумда маърузачилар томонидан жуда ҳам долзарб ва муҳим бўлган, жумладан, оила ва жамиятда аёлларнинг муносиб ўринларга эга бўлиши, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларни илмли бўлишга ундаш, гендер тенглик ва бошқа устувор масалалар юзасидан самимий мулоқотлари биз адолатчи аёлларни олдимизга қўйган мақсадларни амалга ошириш, фаолиятимизда янада ислоҳотларнинг ташаббускори бўлишимизда замин яратди.
Қувонарлиси, ҳар бир соҳада замонавий аёлнинг ўрни беқиёс экани эътироф этиб ўтилди.
Форум маърузачилари орасида Шовот туман Кенгаши раиси, “Ёшлар парламенти” аъзоси Меҳриноз Абдиязованинг борлиги ва унинг туман Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ижобий ишларни фахрланиб қайд этгани, хоразмлик адолатчиларга қувонч улашди.
Бир сўз билан айтганда, Форум давомида партиямизнинг фан докторлари, профессор, олима ва депутат партиядош аёлларимизнинг тажрибали ҳаёт ва фаолияти, улардан олган билим ва кўникмаларимиз иш фаолиятимизда айниқса, бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида ўз қобилият ва касбий маҳоратимизни янада юзага чиқаришда аҳамиятли бўлди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг